Таиланд ва Камбоджа Малайзияда музокара ўтказишга келишиб олди
Олам
−
28 Июль 2025 1615 2 дақиқа
Бугун, 28 июль куни Таиланд ва Камбоджа Малайзияда музокараларни бошлашга келишиб олди. Музокаралар орқали ўтган ҳафта бошланган тўқнашувга барҳам бериш мақсад қилинмоқда. Бу ҳақда Малайзия Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Ҳасаннинг баёнотига таяниб, “Bernama” хабар берди.
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 24 июль куни бошланган қуролли тўқнашувлар оқибатида ҳозиргача камида 33 нафар ҳарбий ва тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган, минглаб таиландлик ва камбоджаликлар эса ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган.
Жорий йилнинг 26 июль куни АҚШ Президенти Дональд Трамп ҳар икки давлат раҳбарларига қўнғироқ қилиб, ўт очишни зудлик билан тўхтатишга чақирган. Кеча, 27 июль куни Таиланд музокараларда иштирок этишини эълон қилди. Делегацияга Бош вазир вазифасини бажарувчи Пхумтам Вечаячай раҳбарлик қилади.
Таиланд ҳукумати Малайзия томонидан берилган маълумотга таяниб, Камбоджа Бош вазири Хум Манет ҳам музокараларда қатнашишини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, можаро Таиланднинг камбоджалик ҳарбийлар разведка учун учувчисиз учиш аппаратларидан фойдалангани ва қироллик ҳудудига ракета зарбалари берганини билдирганидан сўнг кучайди. Уч кун давомида чегарада жанглар бўлиб ўтди. Ҳарбийлар можаро ҳудудига сафарбар этилди, Таиланд ҳарбий-ҳаво кучлари Камбоджа ҳудудига авиазарбалар йўллади.
Бунга жавобан Камбоджа Мудофаа вазирлиги вакили Таиланд қўшинлари ҳеч қандай сабаб бўлмаган ҳолда ҳужум бошлаганини билдирар экан, камбоджалик ҳарбийлар ўз ҳудудларини ҳимоя қилишга мажбур бўлганини таъкидлади.
Қайд этиш жоиз, Камбоджа ва Таиланд ўртасидаги кўп йиллик чегаравий можаро бу икки қироллик ўртасидаги қадимий низолар билан боғлиқ бўлиб, айниқса Прэахвихеа ибодатхонаси атрофидаги ҳудудлар устидан даъволар туфайли кескинлашган. Можаро 2008 йил 7 июлда ушбу ибодатхона UNESCO’нинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилганидан сўнг яна авж олган эди.
Live
Барчаси