Тадбиркорларга техника сотиб олиш учун 130 млн доллар ажратилади
Жамият
−
23 Март 2023
5604Жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб маҳсулот етиштириш, қайта ишлаш, харид қилиш ҳамда техника сотиб олиш учун 130 миллион доллар маблағ банклар иштирокисиз, тўғридан-тўғри тадбиркорларга ажратилади. Бу ҳақда бугун, 23 март куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш, баҳорги экин мавсумини самарали ташкил этиш бўйича асосий вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида айтиб ўтилди.
Қайд этилишича, озиқ-овқат етиштиришни кўпайтириш учун шу йилнинг ўзида 6,2 триллион сўм янгича механизмлар асосида ажратилади. Жумладан:
• қишлоқ хўжалиги жамғармасидан мева-сабзавотчиликнинг айланма маблағлари учун 700 миллиард сўм ажратилади;
• аҳолига берилган ерларда кўчат, уруғ, ўғит ва техника етказиб бериш учун жами 500 миллиард сўм берилади.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 1 апрелидан 130 миллион доллар маблағ банклар иштирокисиз, тўғридан-тўғри тадбиркорларга ажратилади. Бунда банк устамаси бўлмайди ва тадбиркор бозорга қараганда анча арзон кредит олиш имконига эга бўлади. Ушбу маблағлар маҳсулот етиштириш, қайта ишлаш ва харид қилиш, техника сотиб олиш учун 10 йилгача 14 фоиздан ажратилади.
Шу билан бирга, интенсив боғ ва токзорлар, логистика объектлари тайёр қурилиб, тадбиркорларга лизингга берилади. Энди тадбиркор 20 фоизини олдиндан тўлайди, қолган 80 фоизини 10 йил давомида бўлиб-бўлиб тўлайди.
Бунда тадбиркорлар ўз лойиҳаларини Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг шаффоф электрон платформаси орқали тақдим этади. Вазирлик лойиҳаларни тўғридан-тўғри ўзи молиялаштиради.