“Британча” штамм сабаб таълим муассасалари ёпиладими?
Жамият
−
01 Февраль 2021
18662Хабарингиз бор, жорий йилнинг 30 январь куни Ўзбекистонга коронавируснинг “британча” штамми кириб келди. Бу штамм одатий коронавирусдан юқумлироқ экани билан тавсифланяпти.
Энг ёмони одатий коронавирус асосан ёши катталар учун хавфли бўлиб, болаларни четлаб ўтган бўлса, бу штамм айнан болалар учун хатарли деб қараляпти. Шундай шароитда Ўзбекистонда таълим жараёни қай шаклда давом эттирилиши борасида саволлар кўпайди. Бу масалага аниқлик киритиш учун “британча” коронавирус сабаб таълим муассасалари ёпилиши мумкинми, деган савол билан QALAMPIR.UZ мухбири Феруза Нажмиддинова Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабековга юзланди.
“Мактабгача таълим муассасалари ёки таълим муассалари ёпилиши ҳақида фикр йўқ. Қачонки ёки карантин тадбирлари жорий қилинса, албатта, хавф гуруҳига кирувчи аҳоли қатламига алоҳида эътибор қаратилади. Бунга эҳтиёж бўлмасин. Aгар бўладиган бўлса, қайси гуруҳ, қайси аҳоли қатлами ҳавф гуруҳига мансуб эканлигини аниқлаган ҳолда бирон-бир қарорга келинади. Шундай экан бу борада мутахассислар фикри ва таклифлари асосида ҳукумат томонидан қарор қабул қилинади”, деди Отабеков.
Аввалроқ, қандай шароитда Ўзбекистонга кучайтирилган карантин қайтиши мумкинлиги ҳақида маълумот берган эдик.
Маълумот учун, Ўзбекистонда коронавируснинг "британча" штамми оиласи билан Дубайга бориб келган 10 ёшли қизда аниқланди. У жорий йилнинг 23 январида Тошкентга қайтган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ карантин чоралари 2020 йилнинг 16 мартидан эълон қилинган эди. Бу орада мамлакатда икки марта кучайтирилган карантин тадбирлар ҳукм сурди. Сўнгги бор кучайтирилган карантин чекловлари 10 июлдан 15 августгача давом этди. Сентябрь ойига келиб, Республика махсус комиссиясининг қарори билан бирин-кетин ўрнатилган чекловлар олиб ташланди. Айни вақтда ниқоб тақиш, қўлларни ювиш ва дезинфекция воситаларидан фойдаланиш, ижтимоий масофа сақлаш, кўпчилик бўлиб тўпланмаслик, 30 кишидан ортиқ оилавий тадбирлар ўтказмаслик асосий карантин қоидаси бўлиб қолмоқда.
Шунингдек, жорий йилнинг 25 декабридан бошлаб хориждан кириб келаётган фуқаролар мамлакат халқаро аэропортларида антиген тестини топшириши мажбурий этиб белгиланди. 21 декабрдан 2021 йилнинг 10 январигача Буюк Британия, Италия, Германия, Дания, Австрия, Австралия, Нидерландия ва Жанубий Африка Республикаси давлатлари билан халқаро авиарейслар (кириш, чиқиш ва транзит рейслар орқали республикага кириш) тўхтатилди.
LiveБарчаси