Сув балоси: Истанбулдаги селда ҳалок бўлганлар сони 3 нафарга етди

Олам

−

image

Туркиянинг Истанбул шаҳрида кучли ёғингарчилик оқибатида юзага келган селда ҳалок бўлган яна бир кишининг жасади топилди. Бу ҳақда “Cumhuriyet” хабар берди.

Маълум қилинишича, кеча, 15 октябрь куни Садабат боғи ҳудудида сой бўйидаги кўприк таянчига илиниб қолган жасадни кўрган фуқаролар бу ҳақда тегишли хизматларга хабар берган. Шундан сўнг воқеа жойига тегишли гуруҳлар юборилган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ёши 40 лар атрофида бўлган эркакнинг жасади топилган. Политсия ҳолат юзасидан суриштирув ишларини бошлаган. Эркак Сариер туманидаги Айазаға ҳудудида сел оқимига тушиб, сув оқими билан оқизиб кетилгани айтилмоқда.

Шунингдек, Истанбул губернаторлиги баёнотида Қоғитхона туманидаги Садабат боғи яқинидан эркак кишининг жасади топилгани, ҳозирда унинг шахсини аниқлаш ишлари олиб борилаётгани айтилган.

“Ёғингарчилик оқибатида ҳалок бўлганлар сони 3 нафарга етди. Айни пайтда бедарак йўқолганлар сони 4 нафарни ташкил этмоқда”, дейилади губернаторлик хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Туркиянинг Истанбул шаҳрида кучли ёмғир ва бўрон оқибатида кенг кўламли сув тошқинлари юз бергани ҳақида хабар берилган эди. Табиий ҳодиса оқибатида икки киши ҳалок бўлиб, кўчалар, ерости йўллари ва туннелларни сув босганди, юзлаб уйлар ва иш жойларига зарар етган. Шунингдек, шаҳарда кеча, 15 октябрь куни барча давлат ва хусусий таълим муассасаларида дарслар бекор қилинганди.

Шунингдек, Туркиянинг Истанбул, Ялова ва Коҗаэли вилоятларида кучли ёмғир ва шамол кутилаётгани сабаб у ерда яшаётган ёки вақтинча бўлиб турган ўзбекистонликлар огоҳлантирилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг