Сурхондарёдаги қўриқхонада йирик ёнғин чиқди

Жамият

image

Жорий йилнинг 17 июнь куни соат эрталаб 06:30 да Мудофаа вазирлигига қарашли Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида жойлашган ҳарбий қисмга “Сурхон давлат қўриқхонаси”да ёнғин рўй бераётгани ҳақида маълумот келиб тушди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар бермоқда.
  
Вазиятга аниқлик киритилгач, масъул офицерларнинг қарори билан ҳарбий қисмдан 200 нафарга яқин ҳарбий хизматчи бирламчи ёнғин ўчириш воситалари ва анжомлари билан офатни бартараф этишга жалб қилинди.

Бу орада ёнғин қамрови янада кенгаяди. Олов қияликлардаги дарахт ва ўсимликларни нобуд қилгач, тоғли ҳудуд бўйлаб ўрмалай бошлайди. Бу эса вазиятни янада қийинлаштириб, ҳудуднинг нотекис рельефи оловни тўсишга имкон бермайди. Ёнғинни ўчиришга вертолёт авиацияси ёрдамидан фойдаланилади. Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳри, Хонобод қўрғонидаги Мудофаа вазирлиги Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучларига қарашли ҳарбий қисмга алоқа орқали боғланиб, ўт ўчиришга 2 та Ми-8 вертолётлари жалб қилинди.

Маълумотларга кўра, ҳарбий қисм шахсий таркиби вертолёт авиацияси билан ҳамкорликда амалга оширган чора-тадбирлари натижасида соат 15:00 да қарийб 35 гектар ерни қамраган олов тўлиқ қуршаб олинади ва ёнғиннинг кенгайиб кетиши тўхтатилади. Соат 19:00 да офат ҳудудининг 90 фоиз (31,5 гектар) қисмида ёнғин тўлиқ ўчирилишига эришилади.

“Ёнғинни ўчириш давомида 2 та вертолёт умумий 8 соат, 20 дақиқа давомида парвоз амалга ошириб, ҳар бири 10 мартадан сув сепди”, дейилади хабарда.

Табиий офат оқибатида ҳарбий хизматчилар ва маҳаллий аҳоли орасида жабрланганлар бўлмади.

Таъкидланишича, айни пайтда ёнғин келиб чиқиш сабабларини аниқлаш мақсадида Сурхондарё вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
 


Мақола муаллифи

Теглар

ёнғин Сурхондарё

Баҳолаганлар

79

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг