Сурхондарёда юзлаб дарахт кесиб ташланиб, айримлари сотувга қўйилган — Кушербоев
Жамият
−
04 Июль 2021
7473Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев Сурхондарё вилояти Денов туманида юзлаб (балки минглаб) дарахт кесиб ташланиб, айримлари сотувга қўйилганини маълум қилди. Кушербоев кесилган дарахтлар тасвирларини ўзининг Telegram’даги каналида бўлишди.
Унинг ёзишича, Денов тумани марказидаги Шароф Рашидов, Намозгоҳ маҳалласидан ўтган йўл қатнов қисми ва бошқа ерларда ҳам юзлаб (балки минглабдир) қимматбаҳо дарахтлар ошкора кесиб ташланган, ҳатто ўтин сифатида сотувга қўйилганлари ҳам бор.
“Ҳар қадамда кесилган дарахт ўрнига дуч келиб йиғламоқдан бери бўласиз. Қонунсизликнинг чўққиси. Вазиятга изоҳ талаб қилишнинг кераги ҳам йўқми, дейман-да. Чунки Сурхондарёда қонунлар ишламаслиги, масъуллар қонун олдида жавоб бермаслигига кўпчилигимиз ўрганиб ҳам қолдик. Президент фармони ҳам оёқ ости қилинмоқда, лекин ҳамма жим. Бу ҳудуднинг ўз қонуни борга ўхшайди: яшасин қонунсизлик, ўлсин она табиат!” деб ёзади депутат.
Кушербоевнинг маҳаллий аҳолига таяниб, қайд этишича, Денов тумани марказида янги қурилаётган ҳокимлик биноси қаршисидаги 100 га яқин манзарали, қимматбаҳо дарахтлар ҳам ободонлаштириш бахонасида кесиб ташланган.
“Айни вақтда Деновда қурилишлар авжида кетаётганини инобатга олсак, бу биз билган битта ҳолат, холос. Бизга маълум бўлмаганлари қанча экан?” дея долзарб саволни ўртага ташламоқда у.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 50- моддасига кўра, фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар.
Бош қомуснинг 15-моддаси:
“Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади. Давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш кўрадилар”.
LiveБарчаси