Сурхондарёда кўчага ахлат ташлаган аёл жаримага тортилди
Жамият
−
18 Декабрь 2023
5356Сурхондарёда йўлнинг ўртасига ахлат ташлаб кетган аёл жаримага тортилди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти Экология бошқармаси хабар берди.
Билдирилишича, ушбу қоидабузарлик онлайн кузатув камералари орқали аниқланган. Ҳолат Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида содир бўлган.
Воқеа Экология вазирлиги Диспетчерлик ва онлайн мониторинг марказий бошқармаси томонидан ўрганилиб, белгиланмаган жойга чиқинди ташлаган фуқаронинг шахси аниқланган.
Ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 91 прим 1- моддаси 1-қисмига кўра, маъмурий баённома расмийлаштирилди. Қонунбузар фуқаро базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баробари – 340 000 сўм миқдорида жаримага тортилди.
Маълумот учун, белгиланмаган жойларга қаттиқ маиший чиқиндиларни ва қурилиш чиқиндиларини ташлаш, шунингдек суюқ маиший чиқиндиларни тўкиш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса – ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса — йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилояти Зангиота туманида машинасининг давлат рақамини яшириб, чиқинди тўккан фуқаро жаримага тортилганди.
LiveБарчаси