Сурхондарёда фуқаронинг уйи огоҳлантиришсиз бузиб ташландими?

Жамият

image

Сурхондарё вилоятининг Денов туманида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонининг бир қисми ўзбошимчалик билан эгалланиб, у ерда қурилган уй-жой ва бошқа ноқонуний қурилмалар буздирилди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюросининг Сурхондарё вилояти бошқармаси хабар берди.

Қайд этилишича, кеча, 8 август куни ижтимоий тармоқларда Мажбурий ижро бюроси ходимлари фуқаронинг уй-жойини огоҳлантиришсиз бузмоқчи бўлгани ҳақида хабарлар тарқалган. Мазкур ҳолат бошқарма томонидан ўрганилган.

Ўрганишлар давомида ушбу ҳолат Денов туманлараро фуқаролик ишлари бўйича судининг 2025 йил 29 декабрдаги ижро ҳужжати асосида амалга оширилгани аниқланган.

Суд ҳужжатига кўра, Денов тумани Ғалаба массиви, “Чуқурқишлоқ” маҳалласидаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланган суғориладиган ер майдонининг 0,20 гектар қисми ўзбошимчалик билан эгалланган. Ушбу ҳудудда қурилган уй-жой ва бошқа ноқонуний қурилмаларни бузиш ҳамда ер майдонини асл ҳолатига келтириш белгиланган.

Мазкур ижро ҳужжати 2026 йил 24 январь куни Мажбурий ижро бюросининг Денов туман бўлими иш юритувига келиб тушган ва ижро иши қўзғатилган. Қарздорлар ижро ҳужжати талабларини бажариши зарурлиги ҳақида тегишли тартибда огоҳлантирилган.

Шунингдек, суд ажримига асосан ижро ҳаракатлари муайян муддатга тўхтатиб турилган. Кейинчалик суд кўрсатмасига мувофиқ ушбу тўхтатиш бекор қилиниб, ижро ҳаракатлари давом эттирилган.

Қарздорлар суд ҳужжати талабларини ихтиёрий равишда бажармагани сабабли жорий йилнинг 7 август куни мажбурий ижро ҳаракатлари белгиланган. Бу ҳақда тегишли ташкилотлар ҳам хабардор қилинган.

Оқибатда ижро ҳужжатида кўрсатилган ноқонуний қурилмалар белгиланган тартибда бузилиб, суд ҳужжати ижроси тўлиқ таъминланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида фуқароларни мажбурий кўчириш бўйича ижро ҳаракатлари якунланмасдан туриб уй ўзбошимчалик билан бузиб ташлангани аниқланганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг