Сурхондарёда 41 яшар аёл фожиавий ўлим топди
Жамият
−
31 Январь 2020
67589Сурхондарёда 41 яшар аёл ўз уйида дўппосланди. Уйидан қочиб кўчага чиққан аёл кўп ўтмай вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти хабар бермоқда.
Воқеа жорий йилнинг 28 январь куни содир бўлган. Шу куни тахминан соат 21:00 ларда, Термиз тумани “Янги ҳаёт” маҳалласида яшовчи фуқаро 41 ёшли Р.Н. (аёл) таниши 36 ёшли Э.Л.ни уйига меҳмонга чақириб, биргаликда спиртли ичимликлар истеъмол қилишган. Орадан кўп ўтмай улар келишмовчилик натижасида жанжаллашиб қолишган. Жанжал вақтида Э.Л. фуқаро Р.Н.ни танасининг турли жойларига бир-неча маротаба қўли ва оёқлари билан уриб, тепиб, ўта шафқатсизлик билан дўппослаб, унга тан жароҳати етказган. Воқеадан сўнг фуқаро Р.Н. уйидан чиқиб кетиб, тахминан 600 метр масофа юриб, ерга йиқилган ва ички аъзолари, бош миясига етказилган тан жароҳатлари туфайли вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Термиз тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Э.Л.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “в” банди (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
LiveБарчаси