Сурхондарёда 154 кг “гашиш”ни олиб ўтаётган “наркокурьерлар“ ушланди
3-саҳифа
−
28 Март 2022
5943Сурхондарё вилояти “Айритом” чегара божхона постида 154 кгдан зиёд оғирликдаги 1 305 дона ясама “картошка” ўрамларида “гашиш” гиёҳвандлик воситасини олиб киришга бўлган уриниш фош қилинди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси Матбуот котиби Ҳусан Тангриев QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.
Қайд этилишича, Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси “Айритом” чегара божхона постига қўшни мамлакатдан кириб келган юк автотранспорт воситаси Ўзбекистонда транзит тарзида ҳаракатланиб, Андижон вилоятидаги “Дўстлик” чегара божхона пости орқали қўшни давлатга чиқиб кетиши лозим бўлган. Ҳужжатларга кўра, унга 533 та қопда 22 тоннадан зиёд картошка юкланган.
“Ўрнатилган тартибда ушбу транспорт воситаси постдаги инспекцион кўрик мажмуаси орқали кўздан кечирилганида, юкларнинг рентген тасвири божхона ходимларини шубҳалантириб қўйди. Натижада, автомашинадаги картошка солинган 533 та қопнинг 38 тасига 1305 дона моҳирлик билан тайёрланган картошка шаклидаги ўрамлар – гиёҳвандлик воситалари жойлангани фош бўлди”, дейилади хабарда.
Мазкур ўрамлардаги “гашиш” гиёҳвандлик воситасининг умумий оғирлиги 154 кг 90 грни ташкил қилган. Қонунбузарлар наркотикни яшириш мақсадида ҳар бир ўрамга полиэтилен, нусха кўчиришда фойдаланиладиган қора қоғоз ва герметик скотч ёрдамида ишлов берган.
Хабарга кўра, ҳозирда юқоридаги ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилган.
LiveБарчаси