Сурхондарёда 15 ёшли қиз турмушга берилди

3-саҳифа

image

Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилоятида 15 ёшли қиз турмушга берилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги маълумот берди. 

Қайд этилишича, ушбу ҳолат вилоятнинг Денов туманидаги Озод маҳалласида яшовчи фуқаро А.Р. билан содир бўлган. 

2025 йилнинг июль ойида қизни турмушга бериш ҳаракати бўйича маҳалла еттилиги ва ижтимоий ходимлар томонидан ҳамкорликда текширув ўтказилиб, вояга етмаган шахсни турмушга бериш қонун ҳужжатларига зид экани таъкидланган ва оилага огоҳлантириш берилган.

Шунга қарамай, 2025 йил 10 август куни никоҳ маросими ўтказилган. Ушбу ҳолат бўйича маҳаллий профилактика инспектори томонидан қонунчиликка мувофиқ маъмурий жавобгарлик чораси қўлланиб, айбдорларга жарима белгиланган.

Билдирилишича, айни дамда А.Р. Денов туманидаги касб-ҳунар мактабида таълим олмоқда ҳамда унинг ҳуқуқлари ва таълим жараёни мутасаддилар томонидан доимий назоратга олинган.

Маълумот учун, Оила кодексининг 15-моддасига мувофиқ, никоҳ ёши эркаклар ва аёллар учун 18 ёш этиб белгиланган. Ушбу ёшга етмаган шахслар ўртасида тузилган никоҳ ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Бундай ҳолатга йўл қўйган ота-она ёки воситачиларга нисбатан катта миқдорда жарима қўлланилиши мумкин, такрорланса ёки оғир оқибатларга олиб келса жиноий жавобгарликка тортилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда болалар никоҳининг ҳамда эрта ва мажбурий никоҳнинг кўрсаткичи сўнгги ўн йил ичида 3,4 фоизни ташкил қилгани ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Сурхондарё Денов турмуш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг