Сурхондарё ИИБга ҳам янги бошлиқ тайинланди
Жамият
−
21:47 1597 2 дақиқа
Бугун, 22 август куни подполковник Бахтиёр Раҳимжонович Иноқов Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Сурхондарё вилоятида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳудуддаги криминоген вазиятни яхшилаш ҳамда ички ишлар органлари олдида турган устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтган.
Унда Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Азиз Тошпўлатов, вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов, халқ депутатлари Кенгаши аъзолари, мутасадди идоралар раҳбарлари, ҳамкор ташкилотлар масъуллари, шаҳар ва туманлар жамоатчилик фаоллари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари иштирок этган. Йиғилиш аввалида сессия кун тартибидаги ташкилий масала кўриб чиқилган.
Ички ишлар вазирининг тегишли буйруғи асосида, Ички ишлар вазирлиги Академияси магистратура босқичи битирувчиси подполковник Бахтиёр Раҳимжонович Иноқов Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи этиб тайинлангани маълум қилинган.
Сессияда ҳудуддаги криминоген вазият, жиноятчиликни жиловлашга қаратилган амалий ишлар ва мавжуд муаммолар чуқур таҳлил қилиниб, уларни бартараф этишнинг амалий чоралари муҳокама этилган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг маҳаллаларда хавфсиз муҳитни шакллантириш ва профилактика ишларини кучайтиришга доир қарор ва топшириқларидан келиб чиқадиган вазифалар ижросига алоҳида эътибор қаратилган.
Хусусан, жорий йилнинг ҳисобот даврида вилоятдаги 723 та маҳалланинг 73 фоизида ёки 528 тасида биронта ҳам жиноят содир этилмагани, ходимларнинг ташаббуслари билан аниқланадиган жиноятларнинг сони 40 фоизга яхшилангани эътироф этилиб, шу билан бирга 28 та маҳаллалар “қизил” тоифада қолаётганлиги танқид қилинган.
Янги тайинланган вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғига жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш, ҳар бир маҳаллада хавфсизликни таъминлаш, аҳоли билан яқин мулоқотни йўлга қўйиш, мурожаатлар ортидан юзага келаётган муаммоларни чуқур ўрганиш ва уларга ечим топиш, фуқароларнинг ички ишлар органларига ишончини мустаҳкамлаш бўйича қатор муҳим вазифалар юклатилган.
Шу билан бирга, туман ва шаҳар ички ишлар бўлимлари раҳбарларидан жиноят содир этилишига замин яратаётган омилларни манзилли бартараф қилиш, маҳаллалар кесимида натижадорликни ошириш талаб этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сардор Тоҳирович Мирзараимов Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланганди.
Live
Барчаси