Сирдарё ИИБга янги бошлиқ тайинланди

Жамият

image

Бугун, 21 август куни Сардор Тоҳирович Мирзараимов Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.

Қайд этилишича, Сирдарё вилоятида халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ҳудудда жиноятчиликни жиловлаш ҳамда криминоген вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган масалалар кўриб чиқилган.

Тадбирда вилоят ҳокими, Президент Администрациясининг масъул ходимлари, халқ депутатлари Кенгаши аъзолари, шаҳар-туман жамоатчилик фаоллари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари қатнашган. Сессия кун тартибига мувофиқ ташкилий масала кўрилган.

Ички ишлар вазирининг буйруғи билан илгари Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти бошлиғи ўринбосари – жиноят қидирув хизмати бошлиғи лавозимида хизмат қилган полковник Мирзараимов Сардор Тоҳирович Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланган.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини оширишга қаратилган қарори ижроси ҳамда соҳага оид топшириқлар юзасидан амалга оширилган ишлар танқидий кўриб чиқилган.

Вилоят ҳудудида содир этилаётган жиноятлар таҳлилидан келиб чиқиб, криминоген вазиятни янада барқарорлаштириш мақсадида янги тайинланган раҳбарга ҳудудда жиноятчиликни жиловлаш, маҳаллаларни жиноятчиликдан холи ҳудудларга айлантириш, аҳоли мурожаатлари билан манзилли ишлаш, фуқаролар розилигини таъминлаш ҳамда мавжуд муаммоларни аниқлаб, уларни тизимли бартараф этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган. Шунингдек, туман-шаҳар ИИБ раҳбарларига мазкур йўналишлардаги ишларни кучайтириш юзасидан топшириқлар берилган.

Сессияда кўтарилган масалалар бўйича соҳа мутахассислари томонидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилиб, ечимини кутаётган масалалар юзасидан истиқболли вазифалар белгилаб олинган.

Бунгача Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган полковник Фаррух Ҳайдаров нега лавозимидан олингани маълум қилинмаган. 


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар