Сурхондарё ҳокимини алдашга уринган мансабдор қамалди
3-саҳифа
−
07 Ноябрь 1816 3 дақиқа
Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимовни алдаб, афғонистонлик таниши учун кўп қаватли уй қуришга рухсат олиб бермоқчи бўлган 38 ёшли амалдор 3 йил 1 ой муддатга қамалди. QALAMPIR.UZ суд ҳужжати билан танишди.
Ҳужжатда келтирилишича, судланувчи И.Ж. Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасида Департамент бошлиғи лавозимида ишлаган. Жорий йилнинг апрель-май ойларида ун дан афғонистонлик таниши Термиз шаҳридаги ресторан жойлашган ҳудда кўп қаватли уй қуриш учун Сурхондарё вилояти ҳокимлигидан рухсат олиб беришни сўраган. Шундан сўнг, И.Ж. жорий йилнинг 2 июнь куни соат 20:20 ларда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимовга қўнғироқ қилиб, ўзини Президент Администрациясининг “Комил” исмли ходими ўлароқ таништирган ва ҳокимдан ресторан ўрнида кўп қаватли турар жой қуриш учун рухсат беришни талаб қилган. И.Ж. Президент Администрациясида “Комил” исмли шахс Президент ёрдамчиси Б.Мавлоновнинг котиби эканини олдиндан билган.
Жорий йилнинг 2 ноябрь куни Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судида мазкур иш кўриб чиқилган. Судда И.Ж. айбига иқрор бўлмаган, бироқ Улуғбек Қосимовга ўзини Президент Администрациясининг “Комил” исмли ходими сифатида таништирганини тан олган. Унинг айтишича, афғонистонлик собиқ қўшниси май ойи бошларида қўнғироқ қилиб, учрашишни таклиф қилган. И.Ж. собиқ қўшнисининг Тошкент шаҳридаги уйига борган ва у билан кўришган. Шунда таниши И.Ж. дан юқорида қайд этилган масала бўйича ёрдам сўраган.
“Термиз шаҳридаги вилоят ҳокимилиги биноси яқинида бизга тегишли бўлган 50 сотих ер майдонида жойлашган ресторан ҳудудида кўп қаватли турар жой қуришни режалаштириб қўйдик. Аммо у ерга кўп қаватли турар жой биносини қуриш учун вилоят ҳокими Қосимов Улуғбек ака рухсат бермаяпти. Ҳаттоки биз унинг қабулида ҳам бўлганмиз, барибир рухсат бермаяпти. Балким, биз унга вазиятимизни тушунтириб бера олмаётган бўлсак керак. Шу сабабли, вилоят ҳокими Улуғбек ака билан ўзингиз гаплашиб, унга ҳолатни тушунтириб беринг, илтимос. У ерга кўп қаватли турар жой қуриш учун розилигини олишда ёрдам беринг”, дея илтимос қилган таниши.
И.Ж. эса танишига ҳаракат қилиб кўришини, вилоят ҳокими билан гаплашишини айтган. У жорий йилнинг 2 июнь куни соат тахминан 18:30 ларда Улуғбек Қосимовга қўнғироқ қилиб, ўзини Президент Администрациясидан “Комил” деб таништирган ва юқоридаги масала бўйича “амалий ёрдам” сўраган. Ҳоким эса бу сўровни рад этган.
“Комил ака, бу масаладан менинг хабарим бор. Сабаби, ушбу афғон тадбиркор менга мурожаат қилган, аммо мен унга ҳолатни батафсил тушунтирмай, розилик бермаслигимни жавоб қилганман. Аммо агар ушбу тадбиркорда Термиз шаҳрининг бошқа ҳудудида кўп қаватли турар жой қуриш истаги бўлса, унга ер майдонини ажратишда ёрдам бераман. Мен унга розилигимни бермаслигимнинг сабаби, ушбу ресторан ёнида маъмурий бинолар мавжуд”, дея жавоб қайтарган ҳоким.
Шундан сўнг, И.Ж. жорий йилнинг 3 июнь куни танишига қўнғироқ қилиб, вилоят ҳокими билан телефон орқали гаплашганини ва унга нега рухсат берилмаганини айтган.
Суд ҳукми билан И.Ж. Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми (товламачилик) ва 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир қилишда айбли деб топилган. Унга 3 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони манзил колонияларда ўташ белгиланган.
Live
БарчасиОзон тешиги рекорд даражада кенгайди
06 Ноябрь
Октябрда инфляция 0,6 фоизни ташкил этди
06 Ноябрь