Сурхондарё ҳокими ўзи билан жанжаллашган директорни шифохонага бориб кўрди
Жамият
−
01 Сентябрь 2023
19117Аввалроқ Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги 28-мактабнинг директори Т.У. шу муассасада ишловчи ўқитувчининг оила аъзолари томонидан аёвсиз калтаклангани ҳақида хабар берилган эди. Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов директор даволанаётган шифохонага борди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Кеча, 31 август куни тунда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Сариосиё туманидаги 28-сонли мактаб директори Т.У.нинг ҳолидан хабар олиш учун туман тиббиёт бирлашмаси шифохонасига борган.
Сариосиё туман тиббиёт бирлашмаси шифокорлари берган ташхисларига кўра, аёлга бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, бошнинг пешона тепа энса соҳаси кўплаб эзилиб йиртилган жароҳатлари, иккала кўз юқори ва пастки қовоқларга қонталашиш диагнози қўйилган.
Қайд этилишича, Т.У.га Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Сурхондарё филиали мутахассислари томонидан консультация қилиниб, зарур тиббий ёрдамлар кўрсатилмоқда. Айни вақтда беморнинг аҳволи барқарор. Уни РШТЁИМ вилоят филиалига кўчириш чораси кўрилмоқда.
Вилоят ҳокими Т.У.га шикаст етказган айбдорнинг қонунга мувофиқ жавобгарликка тортилишини ҳамда унинг тўлақонли даволанишини ўз назоратига олганини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 3 августь куни ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов директорни ўрнидан турғазиб, уни “мактабдаги муҳитни бузганлик”да, “вилоятни бутун дунёга шарманда қилганлик”да айблаганди. Бунга жавобан, директор Т.У. ўзига нисбатан айтилган айбловларни рад этиб, “милтиқ бўлса, отиб ташланг”, дея эътироз билдирган.
Маълумотларга кўра, ушбу можаронинг асл илдизи 2021 йилги воқеаларга бориб тақалади. Ўшанда Сариосиё туманидаги 28-мактабнинг бир гуруҳ ўқитувчилари мактаб директори Т.У. ўқитувчиларга зуғум ўтказиб, уларнинг дарс соатларини қисқартириб юборгани ҳамда малакали кадрларни ишдан бўшатганини айтиб, республика раҳбариятига мурожаатлар йўллаган. Ўқитувчилар маҳаллий интернет нашрларидан бирини мактабга таклиф қилиб, ундан ҳолатни ўрганишни сўраган. Т.У мактабга борган журналистларни ҳайдаб чиқариб, уларнинг камерасини синдириб ташлаган.
Ушбу ҳолат жамоатчилик ўртасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлганидан сўнг Т.У. га нисбатан ўз лавозим мажбуриятларига совуққонлик билан ёндашиб, фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашда ижро интизомини ва одоб-ахлоқ қоидаларини бузганлиги учун ҳайфсан чораси қўлланган. 2021 йилнинг 10 декабрида эса у ишдан бўшатилган. Бироқ, 2022 йил 10 феврал куни унинг ишдан олиниши ноқонуний бўлган, деган хулосага келиниб, мактаб директорлигига қайта тайинланган. Тарқалган видеодаги ҳолатда ҳоким Улуғбек Қосимов “бутун дунёга шарманда қилдингиз” деганда айнан шу воқеаларни назарда тутган бўлиши мумкин.
LiveБарчаси