Суриянинг 60 фоиз аҳолиси очарчилик остонасига келиб қолди
Олам
−
19 Февраль 2021
5459Сурия аҳолисининг 12 миллиондан ортиғи ёки деярли 60 фоизи очарчиликка юз тутиши мумкин. Бир ой давомида озиқ-овқат маҳсулотларининг минимал тўплами нархи ўртача иш ҳақидан ошиб кетиши кутилмоқда. Бу ҳақда Жаҳон озиқ-овқат дастури хабар берган.
Сурияда пандемия авж олмоқда, у можаролар, иқтисодий инқироз ва озиқ-овқат нархларининг осмонга кўтарилиши билан бирга ҳақиқий фалокатга айланган.
Кўплаб сурияликлар ишидан айрилиб, тиланчилар "армияси"га қўшилган.
"Вазият ҳеч қачон бу қадар қийин бўлмаган. Тахминан ўн йиллик тўқнашувлардан сўнг, жамғармаларини аллақачон тугатган суриялик оилалар тобора кучайиб бораётган иқтисодий инқирозга дуч келмоқда", деган Жаҳон озиқ-овқат дастури вакили ва Сурия бўйича мамлакат директори Шон О'Брайен.
Жаҳон озиқ-овқат дастури маълумотларига кўра, бир ой давомида битта оилани боқиш учун асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархи 234 долларни ташкил этади, бу эса мамлакатдаги ўртача иш ҳақидан анча юқори.
Асосий озиқ-овқат маҳсулотлари дейилганда нон, гуруч, ясмиқ, сариёғ ва шакар назарда тутилмоқда.
Сўнгги бир йилда мамлакатда асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархи 236 фоизга ўсган.
"Мамлакат бўйлаб суриялик оилалар учун ҳатто одатий озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам топилмаслиги жуда қўрқинчли. Янги маълумотлар шуни кўрсатадики, энди гуманитар ёрдамсиз фарзандли оилалар столларида ҳеч нарса бўлмайди, улар оч ётишга мажбур бўлади", деган О'Брайен.
Ташқи ёрдамсиз омон қолиши мумкин бўлмаган сурияликлар сони бир йил ичида икки бараварга кўпайиб, 1,3 миллионга етган. Агар шошилинч чоралар кўрилмаса, яқин келажакда ушбу "тўймас армия" яна 1,8 миллион киши билан "бойитилади".
Бугунги кунда кўплаб суриялик оилалар ўз фарзандларини боқишга уриниб, қарзга ботиб, мол-мулк ва чорва молларини сотмоқда.
Сурияликларнинг 50 фоизга яқини иқтисодий таназзул ва COVID-19 пандемияси туфайли ишидан ёки бошқа даромад манбаларидан маҳрум бўлган.
Маълумот ўрнида, Жаҳон озиқ-овқат дастури ҳар ойда Суриянинг энг заиф аҳолисидан бўлган 5 миллион кишига озиқ-овқат масаласида муҳим ёрдам беради.