Суриядаги йирик ҳарбий аэродромда портлаш содир бўлди
Олам
−
17:30 438 1 дақиқа
Суриянинг Идлиб вилояти қишлоқ ҳудудидаги Тафтаназ ҳарбий аэродромида бир нечта портлаш юз берди. Бу ҳақда “Al Jazeera” хабар берди.
Қайд этилишича, портлашлар бугун, 2 октябрь куни эрталаб соат 08:00 атрофида бошланган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ҳодиса вақтида ҳудуд устидан разведка самолёти учган. Портлашлар оқибатида аэродром ҳудудидан қуюқ тутун кўтарилган. Ҳодиса тахминан бир ярим соат давом этган.
Маҳаллий аҳоли портлашларга аэродром ҳудудида қолиб кетган қуроллар қолдиқлари сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини тахмин қилган. Тафтаназ аэродромида аввал ҳам шунга ўхшаш ҳодиса содир бўлган.
Маълумотларга кўра, Тафтаназ Суриядаги вертолётлар учун фойдаланилган иккинчи йирик ҳарбий аэродром бўлган. Сурия уруши йилларида у ҳарбий амалиётлар марказларидан бирига айланган. 2020 йил март ойида Туркия ва Россия ўртасида тузилган келишувдан кейин эса аэродром Туркиянинг кузатув нуқтаси сифатида ишлатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Суриянинг ғарбий қисмида кичик йўловчи автобусига қуролли ҳужум уюштирилиши оқибатида камида 7 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси