Сурияда Рождество дам олиш куни деб эълон қилинди
Олам
−
25 Декабрь
4146Суриянинг янги ҳукумати насронийларнинг Рождество байрамига тўғри келадиган 25-26 декабрь кунлари дам олиш куни бўлишини маълум қилди. Шу кунларда давлат идоралари ёпилади. Бу ҳақда SANA ахборот агентлиги хабар берди.
Ҳукумат циркулярида айтилишича, давлат хизматчиларига Рождество кунида таътил берилади.
“Давлат органлари ходимлари учун дам олиш кунлари 2024 йил 25 ва 26 декабрь чоршанба ва пайшанба кунлари белгиланди. Фаолияти зарур бўлган вазирликлар ва давлат идоралари ўз фаолиятини давом эттиради”, дейилади муваққат ҳукумат баёнотида.
23 декабрь куни Ҳама провинцияси яқинида бир гуруҳ эркаклар арчага ўт қўйгани акс этган видео интернетга тарқалди. Тахминларга кўра, булар “Ансор ат-Тавҳид” гуруҳининг аъзолари бўлган. Сурияда ҳокимиятни қўлга олган “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” гуруҳининг диний етакчиси дарахтга ўт қўйганлар “сурияликлар эмаслигини” айтди ва улар жазоланишига ва дарахт тикланишига ваъда берди.
Маълумот учун, ҲТШ 8 декабрь куни Сурияда ҳокимиятни эгаллаб олди. Мамлакат президенти Башар Асад истеъфога чиқди ва Россияга учиб кетди. Суриянинг янги раҳбари Аҳмад ал-Шара (Абу Муҳаммад ал-Жўлоний лақаби билан машҳур) 2013 йилда Сурияда насронийлар, курдлар ва алавийларга жой бўлмаслигини айтганди, бироқ эндиликда у позициясини ўзгартирди.