Сурияда қабилалар ўртасидаги тўқнашувда 37 киши ҳалок бўлди (видео)
Олам
−
14 Июль 2025 5597 3 дақиқа
Сурия жанубидаги асосан друзлар яшайдиган Сувайда шаҳрида кўчманчи бадавий қабилалари билан маҳаллий қуролли гуруҳлар ўртасида содир бўлган тўқнашувлар камида 37 кишининг ҳаётига зомин бўлди. Бу ҳақда кеча, 13 июль куни Сурия инсон ҳуқуқлари бўйича кузатув кенгаши (SOHR) маълум қилди.
Қайд этилишича, ушбу ҳодиса шу йил апрель-май ойларидан бери минтақада кузатилган энг йирик зўравонлик тўлқини ҳисобланади. Ўшанда ҳам друзлар ва хавфсизлик кучлари ўртасидаги тўқнашувларда ўнлаб одамлар ҳалок бўлган. SOHR маълумотига кўра, ҳалок бўлганларнинг 27 нафари друзлар, жумладан, икки нафар бола, яна 10 нафари эса бадавийлар ҳисобланади. Шиддатли жанглар сабабли Дамашқ-Сувайда автомагистрали ёпилган.
Сурия Ички ишлар вазирлиги расмий баёнотда 30 дан ортиқ ўлганлар ва 100 га яқин ярадорлар борлиги ҳақида маълум қилган ва Мудофаа вазирлиги билан ҳамкорликда қўшинлар сафарбар этилганини билдирган. Вазирликка кўра, бу кучлар можаро ҳудудига “бевосита аралашиб, тўқнашувларга барҳам бериш, тартиб ўрнатиш, айбдорларни жазога тортиш ва судга топшириш” учун юборилган.
SANA давлат ахборот агентлигининг хабарига кўра, Дараа ва Сувайда вилоятлари ўртасидаги маъмурий чегарага хавфсизлик кучлари жойлаштирилган. Сувайда губернатори Мустафо ал-Бакур аҳолига “сабр-тоқатли бўлиш ва миллий ислоҳот чақириқларига жавоб беришга” даъват қилган.
Бир қатор друз диний арбоблари ҳам аҳолини тинчликка чақирган ва Дамашқ ҳукуматидан вазиятга аралашишни сўраган. Кучайган зўравонлик сабабли Сурия Таълим вазирлиги 14 июль куни Сувайдада ўтказилиши режалаштирилган мактаб битирув имтиҳонларини номаълум муддатга кечиктирган.
Бадавийлар ва друзлар ўртасидаги можаро
Сувайда вилоятида бадавийлар ва друзлар ўртасидаги зиддиятлар узоқ йиллардан бери давом этиб келади. Айрим пайтларда бу келишмовчиликлар очиқ зўравонликка айланади. Ички ишлар вазирлиги жорий тўқнашувларни “аввалги йилларда тўпланган зиддиятлар фонида маҳаллий қуролли гуруҳлар ва қабила аъзолари ўртасидаги афсусланарли можаро” деб баҳолаган.
Сурияда Башар Асад ҳокимиятдан ағдарилганидан сўнг мамлакатда янги кучлар ҳукмрон бўла бошлади, аммо ҳали уларнинг тўлиқ тартибни ўрнатишга муваффақ бўлмагани фонида этник озчиликлар, хусусан, друзлар ҳуқуқлари ва хавфсизлиги борасида хавотирлар юзага келган.
Маълумот учун, друзлар ўзига хос араб тилида сўзлашувчи этно-конфессиявий гуруҳ бўлиб, уларнинг вакиллари Сурия, Ливан, Исроил ва Иорданияда яшайди. Сурияда 700 минг друз истиқомат қилади, бу уларни курдлар ва алавийлардан кейин мамлакатдаги учинчи йирик диний ва этник озчилик қилади.
Эслатиб ўтамиз, апрель-май ойларида друзлар ва ҳукумат кучлари ўртасидаги тўқнашувлар ҳам ўнлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлганди. Шундан сўнг маҳаллий қабила етакчилари ва диний арбоблар тинчликни сақлаш, друзларни ҳукумат тузилмаларига интеграция қилиш бўйича келишувлар имзолаган эди.
Live
Барчаси