Сурияда ИШИДнинг икки қўмондони қамоқдан қочди
Олам
−
07 Февраль 2022
6962Суриянинг Ал-Ҳасака шаҳрида исён бостирилганидан сўнг ИШИД террорчилик ташкилотининг камида икки дала қўмондони Туркия билан чегара ҳудудига қочиб кетди. Бу ҳақда “Al-Hadath” телеканали хабар берган.
Таъкидланишича, улар Анқара томонидан қўллаб-қувватланаётган Сурия мухолифати қуролли гуруҳлари назорати остидаги Жараблус шаҳрида яширинган. Исмлари ошкор этилмаган икки хавфли террорчининг қочиб кетгани ҳақидаги маълумотлар Раққа вилояти шимолидаги Айн-Исса шаҳрида “Сурия демократик кучлари” (SDF) курд тузилмалари томонидан қўлга олинган ИШИД жангариларидан келган.
Жорий йилнинг 20 январь куни ИШИДнинг 200 нафар жангариси Ал-Ҳасака жанубидаги Гувайрон кварталидаги қамоқхонани эгаллаб олди, у ерда 3500 киши, жумладан, террорчилар сафида жангларда қатнашган ёлланма аскарлар сақланар эди. SDF қўмондонлиги АҚШ Ҳарбий ҳаво кучлари кўмагида қўзғолонни бостириш учун кенг кўламли операция ўтказди.
26 январь куни курдлар жангларда катта зарар кўрган жазони ўташ муассасаси устидан назорат тикланганини эълон қилди. Таслим бўлган террорчилар вақтинча бошқа қамоқхоналарга кўчирилиши айтилди.
Маълумотларга кўра, Гувайрондаги қамоқхонадан қочган маҳбусларнинг аниқ сони ҳозирча аниқланмаган, улардан бир неча юз нафари курд жангчиларига таслим бўлган.
Қамоқхонага бостириб кириш пайтида 240 дан ортиқ террорчи ўлдирилган, курдларнинг йўқотишлари 120 нафар жангчини ташкил этган ва етти нафар тинч аҳоли ҳам ҳалок бўлган.
Гувайрон ва Ҳай-аз-Зуҳур кварталларида курд кучлари билан ИШИД террорчилари ўртасидаги тўқнашувлар тинч аҳолини уйларини ташлаб, хавфсиз ҳудудларга кўчишга мажбур қилган. Таъкидланишича, қочқинлар сони 45 минг нафарга етган. Шаҳар ҳукумати уларни вақтинчалик уй-жой, сув, дори-дармон, иситиш мосламалари ва озиқ-овқат билан таъминлаган.