Сурияда ИШИД етакчиси йўқ қилинди – АҚШ
Олам
−
04 Апрель 2023
5955Кеча, 3 апрель куни Америка Қўшма Штатлари Сурияда ИШИДнинг юқори мартабали раҳбарини йўқ қилишга қаратилган ҳарбий операцияни амалга оширди. Бу ҳақда бугун, 4 апрель куни АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) маълум қилди.
CENTCOM баёнотида айтилишича, ИШИДнинг Европадаги ҳужумларини режалаштириш учун масъул бўлган ва гуруҳ раҳбариятини тузган Холид Айдд Аҳмад ал-Жабурий йўқ қилинган. Зарбада тинч аҳоли ҳалок бўлмаган ёки яраланмаган. Бироқ террористик гуруҳ минтақа ва ундан ташқарига таҳдид қилишда давом этмоқда.
“Гуруҳ таназзулга учраган бўлсада, Яқин Шарқдан ташқарига ҳам зарба бериш истаги билан минтақа ичида амалиёт ўтказиши мумкин. Ал-Жабурийнинг ўлими гуруҳнинг ташқи ҳужумларни режалаштириш қобилиятини вақтинча тўхтатади”, дейилади CENTCOM баёнотида.
Маълумот учун, ИШИД 2014 йилда Ироқ ва Суриянинг бир қисмини назорат қилиб, ҳар икки давлатда ҳам мағлуб бўлган. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг жорий йил февраль ойидаги ҳисоботида айтилишича, гуруҳнинг Сурия ва Ироқ ўртасида 5-7 минг аъзоси ва тарафдорлари бор, уларнинг қарийб ярми жангарилардир.
БМТ ҳисоботида айтилишича, ИШИД ва унинг бўлинмалари томонидан халқаро тинчлик ва хавфсизликка таҳдид 2022 йилнинг иккинчи ярмида юқори бўлган. У мавжуд бўлган можаро зоналарида ва унинг атрофида кучайган. Ўтган йил охирида ИШИД Сурия жанубида аввалги етакчиси ўлдирилганидан сўнг, аввал номаълум бўлган шахс – Абу ал-Ҳусайн ал-Ҳусайний ал-Қурайшни ўзига раҳбар этиб тайинлаганини эълон қилган.