Сурияда 3 америкалик ўлдирилди. Трамп қасос олмоқчи

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп Сурияда “Исломий давлат” (ИШИД) террорчилик ташкилоти жангарилари тузоғига тушган уч нафар АҚШ фуқароси ҳалок бўлгани ортидан “жавоб чоралари” билан таҳдид қилди. Трамп бу ҳақда кеча, 13 декабрь куни Truth Social ижтимоий тармоғида ёзди.

Америка етакчисининг сўзларига кўра, ҳужум “Суриянинг жуда хавфли, ўтиш даври президенти Аҳмад аш-Шара кучлари томонидан тўлиқ назорат қилинмайдиган қисмида” содир этилган. Трампнинг айтишича, аш-Шара содир бўлган воқеадан “жуда ғазабланган ва хавотирда”.

“Ҳа, биз жавоб зарбасини берамиз. Жуда жиддий қасос чоралари кўрилади”, деди Оқ уй раҳбари журналист саволига жавобан.

АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) Х ижтимоий тармоғида 13 декабрь куни якка ҳолда ҳаракат қилган жангарининг тузоғи оқибатида икки нафар америкалик ҳарбий хизматчи ва яна бир америкалик тинч фуқаро ҳалок бўлганини маълум қилди. Трампнинг айтишича, ҳалок бўлган тинч фуқаро таржимон бўлган. CENTCOM маълумотига кўра, жангарининг ўзи ҳам йўқ қилинган.

Ҳарбий хизматчиларнинг шахси уларнинг яқин қариндошлари хабардор қилинганидан 24 соат ўтгач ошкор этилади. Жароҳат олганлар ўзини яхши ҳис қилаётгани ҳам қайд этилди.

АҚШ Сурия ва Ироқда ИШИДга қарши халқаро коалицияга бошчилик қилади. Расмий маълумотларга кўра, гуруҳ АҚШ ва унинг иттифоқчилари томонидан ҳарбий жиҳатдан мағлуб этилган. Бироқ ИШИДнинг айрим жангарилари ҳали ҳам Ироқ ва Сурияда яшириниб, терактлар уюштириб келмоқда.

CENTCOM ва Сурия ички ишлар вазирлиги кучлари 24–27 ноябрь кунлари Дамашқ вилоятида ИШИДга тегишли махфий қурол омборлари жойлашган 15 та нуқтага ҳаводан ва ердан зарбалар берган.

Жорий йилнинг 10 ноябрь куни АҚШ Президенти Дональд Трамп Вашингтонда Суриянинг муваққат президенти Аҳмад аш-Шара билан учрашди. Шу куни Сурия Дамашқ АҚШ етакчилигидаги ИШИДга қарши халқаро коалицияга қўшилган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Сурия ИШИД Дональд Трамп

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг