Сурия жонланмоқда: Гутерриш 17 йил деганда илк бор мамлакатга борди
Олам
−
25 июл 2315 2 дақиқа
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш 2009 йилдан бери илк бор Сурияга ташриф буюрди. Бу ҳақда SANA хабар берди.
Қайд этилишича, бугун, 25 июль куни БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Дамашққа етиб борган. Бу 2009 йилдан буён, яъни Сурияда фуқаролар уруши бошланишидан аввалги даврдан бери амалдаги БМТ раҳбарининг мамлакатга биринчи ташрифи.
“БМТ Сурия учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган ушбу паллада мамлакат билан бирга. Бу ҳамжиҳатлик ташрифидир”, деган Гутерриш.
У халқаро ҳамжамиятни Сурия халқини қўллаб-қувватлаш учун “барча имкониятларни ишга солишга” чақирган.
Сурия давлат ахборот агентлигининг маълум қилишича, Гутерришни Дамашқдаги президент саройида мамлакат Президенти Аҳмад аш-Шараа қабул қилган.
Ташриф 2024 йил охирида исёнчилар собиқ президент Башар Асад ҳукуматини ағдарганидан кейин Сурия учун яна бир муҳим босқич сифатида баҳоланмоқда. Бу воқеа 2011 йилда бошланган урушга якун ясаб, мамлакатда ўтиш даврини бошлаган эди.
БМТ матбуот котиби Стефан Дюжаррикнинг маълум қилишича, Гутерриш ташриф давомида Ташқи ишлар вазири Асаад аш-Шайбаний, бошқа ҳукумат расмийлари ва фуқаролик жамияти вакиллари билан ҳам учрашади.
Унинг таъкидлашича, Гутерриш Сурия можародан тикланиш билан бирга, барча сурияликлар учун янада барқарор, инклюзив ва фаровон келажак пойдеворини қўйиш имкониятига эга эканини қайд этади.
Маълум қилинишича, БМТ раҳбари 27 июль куни Суриянинг янги парламентида нутқ сўзлаши, шунингдек, Исроил ва Сурия кучлари ўртасидаги буфер ҳудудда хизмат қилаётган БМТ тинчликпарвар кучларига ташриф буюриши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Суриянинг янги парламенти 12 июль куни Дамашқда илк йиғилишини ўтказганди. Мазкур ҳолат Президент Аҳмад аш-Шараа бошчилигидаги исёнчилар Башар Асад ҳокимиятини ағдарганидан 19 ой ўтиб мамлакат сиёсий ўтиш жараёнидаги муҳим босқич дея эътироф этилганди.
Live
Барчаси