Сурия янги валютани муомалага киритмоқда
Олам
−
09:03 3105 1 дақиқа
Сурия Марказий банки раиси Абдулқодир ал-Ҳасрия 2026 йил 1 январдан бошлаб, мамлакатда янги Сурия валютаси муомалага чиқарилишини эълон қилди. Бу ҳақда банк раисига таяниб, SANA хабар берди.
Абдулқодир ал-Ҳасрия ижтимоий тармоқдаги хабарида 2025 йилга оид 293-сонли фармон эълон қилинганини ва унга мувофиқ янги валюта муомалага киритилишини маълум қилган. Ал-Ҳасриянинг таъкидлашича, бу муҳим миллий воқеа бўлиб, янги иқтисодий ва валюта даврининг бошланишини англатади.
Марказий банк раҳбарининг сўзларига кўра, янги Сурия валютаси озодликдан кейинги молиявий мустақиллик рамзи бўлиб, Марказий банк раҳбарлигида барча томонлар ҳамкорлигида барпо этиладиган янги босқични бошлаб беради.
“Бу озодликдан кейин эришилган ютуқларга қўшиладиган миллий муваффақият бўлади ва барқарорлик ҳамда иқтисодий тикланиш йўлидаги қатъий қадамдир”, деган у.
Янги валюта билан боғлиқ батафсил маълумотлар 28 декабрь куни бўлиб ўтадиган йиғилишда эълон қилиниши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурияда миллий валюта модернизация қилиниб, тасвирлар ва рамзлар бўлмаган олтита янги турдаги банкнотлар серияси муомалага чиқарилиши ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси