Сурия яна уруш гирдобида
Таҳлил
−
03 Декабрь
4092Сурияда яна тектоник силжишлар бошланди. 4 йиллик маълум даражадаги тинч муҳитдан сўнг, Шом диёри яна уруш исканжасида қолди. 27 ноябрь куни эрталаб “Ал-Қоида”нинг қолган-қутганларидан ташкил топган “Хаят Таҳрир аш-Шом” радикал экстремистик гуруҳи Сурия шимолида кенг кўламли ҳужум бошлади. Асад режимининг баёнотига кўра, террорчилар Сурия армияси ҳимоясидаги қишлоқ ва шаҳарларга, ҳарбий объектларга ҳужум қилишга уринган ва ҳукумат кучлари позицияларини нишонга олган. Улар бу ҳаракатларни Суриянинг энг муҳим стратегик аҳамиятга эга ҳудудларидан бири ҳисобланадиган Ҳалаб, яъни Алеппони эгаллаш учун амалга оширишга киришди. Жангарилар дастлаб, ҳукумат кучларига қарши кенг кўламли операция ўтказиб, Ҳалаб вилоятининг шимоли-ғарбида камида 10 туман устидан назоратни қўлга киритган. Уларга 13 та аҳоли пункти ва бир қанча шаҳарлар ҳам қўшилган. Шунингдек, террорчилар энг йирик ҳарбий базани ҳам эгаллашга муваффақ бўлган. Кейинчалик “Al Mayadeen” телеканали Сурия армияси жангарилар позицияларига қарши ҳужум бошлаганини, Ҳалабдан шимол ва ғарбдаги 20 дан ортиқ аҳоли пунктини қайта назоратга олганини хабар қилди. Қуролланган гуруҳларнинг ҳужум хавфи туфайли Дамашқ ва Ҳалабни боғловчи халқаро М-5 автомагистралидаги ҳаракат тўхтатилгани айтилди. Бу орада дунё ОАВда Асад режими ва террорчиларнинг ҳаракатларига оид турли-туман хабарлар тарқала бошлади. Нашрларда бирин-кетин Башар Асаднинг Россияга қочгани, Дамашқда давлат тўнтариши бошлангани ва террорчилар катта тезликда пойтахтга яқинлашаётгани ҳақидаги хабар урчиди. Сурия атрофидаги воқеаларга бевосита алоқадор бўлган давлатлар Туркия, Эрон, Россия ва АҚШ каби давлатлар зудлик билан мазкур можарони ҳал қилиш йўлида бир-бирлари билан мулоқотга киришиб кетди. Хўш, 4 йил нисбатан тинч бўлган ва бир неча йиллар илгари деэскалация зонаси сифатида белгиланган ҳудудларда нега айнан бугун бу каби нотинчлик бошланди? Воқеалар ривожи қандай ривожланмоқда? Қуйида шулар ҳақида сўз юритилади.
Ҳалабдан Дамашққача?
Шундай қилиб, 2020 йилдан буён Сурияда Башар Асадга қарши мухолиф кучларнинг энг йирик ҳужуми рўй берди. Суриянинг “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” радикал экстремистик гуруҳи жангарилари ва уларнинг иттифоқчилари Сурия ҳукумати армияси билан олиб борилган жангларда мамлакат шимоли-ғарбидаги ўнлаб шаҳар ва қишлоқларни эгаллаб, Ҳалаб шаҳрига яқинлашди. Ҳужумнинг дастлабки кунларида 255 киши ҳалок бўлган. Шимол ва шимоли-ғарбда Ҳалаб ва Идлиб вилоятларида 50 дан ортиқ қишлоқ ва шаҳарча “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” жангарилари назорати остига ўтгани маълум қилинди. Кейинги нишон вилоят маркази бўлган Ҳалаб шаҳри эди. Жангарилар мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри Ҳалабдаги бир нечта ҳудудларни ўз назоратига олгандан сўнг, Асад ҳукумати ва дунёнинг бошқа қисмида можаронинг бориши бўйича хабарлар чиқа бошлади. Кремлга яқин манбалар, 29 ноябрь куни кечқурун Ҳалаб деярли бутунлай жангарилар назорати остига ўтгани ва улар аллақачон шаҳар марказида ғалабани нишонламоқда. Сурия армияси эса Идлиб ва Ҳалабнинг исёнчилар томонидан босиб олинган ҳудудлари устидан назорат қайта тиклангани, ҳукумат қўшимча кучларни Ҳалаб шаҳрига ташлаб, у ердан исёнчиларни қувиб чиқараётганини маълум қилди. “Reuters”га кўра, Москва Дамашққа исёнчиларни тўхтатиш учун қўшимча ҳарбий ёрдам ваъда қилган ва кейинги 72 соат ичида янги қуроллар кела бошлаши ҳақида хабар берди. Бу орада Сурия ҳукумати Ҳалаб аэропортини ва шаҳарга олиб борадиган барча йўлларни ёпишга мажбур бўлди. Чунки жангарилар Ҳалаб марказига етиб келгани айтилди. Шундай қилиб, жангарилар саккиз йил ичида биринчи марта Ҳалаб шаҳрига қайтиб келди. 2016 йил охиридан бери Сурия армияси Россия кўмаги билан шаҳарни озод қилиб келди. Айни дамда эса шу саккиз йил ичида шаҳар илк бор ҳужумга учради. “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” эса ўтган ҳафта бошланган ҳужумида Ҳалабни ўз назоратига олгандан кейин Шимолий Ҳамага қараб ҳаракат қилаётгани ҳақида ҳам хабарлар тарқалди. Агар жангариларнинг ҳужумлари шу тахлит давом этса, Ҳалаб билан бошланган юриш вертикал ҳаракат билан Ҳама, Ҳомс, энг сўнггида эса Дамашққача етиб бориш эҳтимоли ҳам йўқ эмас.
Ташқи кучлар “маслаҳатлашувлари”
Сурияда яна нотинчлик бошлангандан сўнг бу ердаги ташқи кучлар ўртасида эски ҳисоб-китоб дафтари қайта очилгандек бўлди. Баъзи манбалар Эрон ислом инқилоби қўриқчилар корпуси Туркиянинг Суриядан “қўлини тортишини” жиддий талаб қилганини иддао қилди. Унга кўра, корпус Туркиянинг бу ерда мавжудлиги ноқонуний эканлиги, Эрон ва Россия эса расмий Дамашқ илтимосига биноан Сурия ерларида ҳаракатланиб келаётгани айтилган. Аммо Туркия ТИВ мамлакат Суриядаги вазиятни диққат билан кузатиб бормоқда ва унинг ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолиш тарафдори деган баёнот билан чиқди. Хоқон Фидан эса Туркия ҳукуматининг Сурия армияси ва Суриянинг Идлиб ва Ҳалаб вилоятларидаги ҳукуматга қарши тузилмалар ўртасидаги жангларга алоқаси йўқлиги ҳамда қўшимчасига расмий Анқара террорчилар Сурияда ўз давлатини тузишга йўл қўймаслигини билдирди. Унинг сўзларига кўра, минтақадаги террористик гуруҳларни таъминлашнинг муҳим артериялари Вашингтон назорати остида бўлганлиги сабабли минтақадаги жиноятлар учун АҚШ жавобгардир. Фидан агар АҚШ кислородни тўсиб қўйса, террорчилар уч кун ҳам омон қолмаслигини қўшимча қилди. Бундан кейинги ташқи ишлар вазирларининг мулоқотлари эса Сурияда 2011 йилда бошланган фуқаролик урушларидан сўнг, Сурия масаласида иккига бўлинган душман иттифоқларнинг қайта шаклланишидек таассурот уйғотди. Ўшанда Башар Асад тинч намойишларга чиққан ўз фуқароларини ўққа тутган деган хулосага кўра, АҚШ ва Туркия уни ҳокимиятдан ағдаришга жиддий бел боғлаганди. Эрон ва Россия эса аксинча, жарликка қулаётган Асадга арқон узатиб, унинг ҳокимияти ва ҳаётини сақлаб қолиш йўлидан бориб, буни уддалади ҳам. Бугун ҳам дунё сиёсати шу каби манзарага гувоҳ бўлди. Суриядаги можаро қайта аланга олгандан кейин, Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи россиялик мавқедоши Сергей Лавров билан телефон орқали мулоқот қилган бўлса, АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Туркия Ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан билан Сурия ва Ғазо секторидаги вазиятни муҳокама қилди. АҚШ Давлат котиби Блинкен ва Туркия Ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан Ҳалаб ва бошқа жойлардаги зўравонликларни камайтириш, фуқаролар ҳамда инфратузилмани ҳимоя қилиш заруратини муҳокама қилган бўлса, Лавров ва Ароқчи Ҳалаб ва Идлиб вилоятларида содир этилган террорчилик ҳужуми муносабати билан Сурия суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қатъий қўллаб-қувватлашларини тасдиқлади. Вазирлар Суриядаги вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган Остона формати доирасида зудлик билан ҳар томонлама кўриб чиқиш зарурлиги тўғрисида келишиб олди. Маълумки, Суриядаги фуқаролар урушини тугатиш мақсадида 2017 йилнинг 23-24 январь кунлари Россия, Туркия ва Эрон ташаббуси билан Остона шаҳрида тинчлик музокаралари бўлиб ўтган эди. Ўша музокараларга кўра, Россия, Туркия ва Эрон Сурияда деэскалация яъни кескинлашув тўхтатиладиган зоналарни ташкил этишга келишиб олганди. Бундай зоналарга эса Идлиб, Хомс, Латакия, Ҳалаб ва Ҳама каби вилоятлар кириши белгиланди. Келишувга кўра, Россия ушбу ҳудудлар устидан учишда давом этади, аммо ҳаво ҳужумларини ўтказишдан тийилади. Сурия ҳукумати эса мухолифатдаги ҳудудларга “тўсиқсиз” гуманитар ёрдам кўрсатишга рухсат бериши ва электр ҳамда сув каби давлат хизматлари тўхтатилган жойларда мазкур коммунал хизматлар тикланиши керак эди.
“Ҳаят Таҳрир аш-Шом” қандай “қолдиқ” гуруҳ?
2011 йилда Сурияда бошланган қирғинбарот фуқаролар уруши фонида 90 йиллар бошида пайдо бўлган “Ал-Қоида” террорчи ташкилоти Шом юртида фаоллаша бошлади. Бу ерда асосан “Ал-Қоида”нинг “Жабҳат ан-Нусра” экстремистик гуруҳи фаолият олиб борди. Аммо 2016 йилда “Жабҳат ан-Нусра” жангарилар гуруҳи ўз номини “Жабҳат Фатҳ ас-Шом”га ўзгартириб, “Ал-Қоида” билан алоқаларини узганини эълон қилди. Аммо бу гуруҳ фаолиятида сўнгги ребрендинг эмасди. 2017 йилга келиб “Жабҳат Фатҳ ас-Шом” гуруҳи номини яна бир бор ўзгартириб, бошқа исёнчи гуруҳлар билан биргаликда “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” номли янги экстремистик ташкилотга айланди. Айни дамда эса ушбу террорчи ташкилот Суриядаги энг таъсири кучли бўлган исёнчи кланлардан бирига айланган. “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” бугунгача Суриянинг маълум қисмларида, жумладан, Идлиб ва Ҳалабнинг баъзи қисмларида ҳаракатланиб келди. У бугун умумий ҳисобда 4 миллион киши истиқомат қиладиган ҳудудни назоратга олган ва тахминан 30,000 жангарига эга. У назорат қиладиган ҳудудларда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ ҳолат абгор аҳволдалиги ва бу ерларда қатл қилиш ҳолатлари авжига чиққани айтилади.
Сочилиб кетган Сурия
2011 йилда Сурияда бошланган тартибсизликлар мамлакатнинг жуда узоқ йиллик қадимий цивилизациясини остин-устун қилиб юборди. Шом диёри босқичма-босқич бўлакларга бўлиниб борди. Мамлакат геосиёсий кучлар ўртасидаги рақобат майдонига айланиб, ҳар ким бу ерда ўз манфаатини олға ташлади. Бу Асад режими ва ташқи кучлар томонидан қўллаб-қувватланадиган бир қанча мухолиф гуруҳлар ва террорчи ташкилотлар ўртасидаги узоқ йиллик жангларга олиб келди. Уруш ярим миллионга яқин одамнинг ҳаётига зомин бўлди. 7 миллиондан ортиқ суриялик эса қочқин сифатида мамлакатни тарк этди. Ички урушларнинг дастлабки йилларида Башар Асад Сурия ичида Дамашқдан ўзга ҳудудда амалда ҳеч қандай бошқарувга эга бўлмай қолди. Бироқ Асаднинг бахтига 2015 йилдан бошлаб Суриядаги вазият тубдан ўзгарди. Аста-секин Россия ва Эроннинг ҳал қилувчи кўмаги билан Асад мамлакатнинг тахминан 70 фоизини қайта назоратга олди. Аммо ҳозирга келиб, ҳали ҳам бутун Сурия ерларида Асад режими ўзининг тўлиқ ҳокимиятини ўрнатишга эришмади. Бугун Сурияда расмий Дамашқдан ташқари яна 4 та йирик мухолиф кучлар мавжуд. Булар мамлакат Сурия демократик кучлари, курдларга тегишли кланлар, “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” ва араб-суннийларининг мамлакат жанубидаги бошқа кучларидир. АҚШ томонидан қўллаб-қувватланадиган курдлар Суриянинг шимолидаги улкан ҳудудларни назорат қилади ва бу куч айни дамда мамлакат ичида расмий ҳокимиятдан кейинги ўриндаги энг йиригидир. Курдлар ўз назорати остидаги ҳудудда ҳатто пойтахти Ар-раққа бўлган субъектга ҳам асос солган. Кейинги мухолиф куч эса Сурия демократик кучлари бўлиб, улар Туркия томонидан молиялаштирилиши айтилади. Сурия демократик кучлари Туркия билан чегарада жойлашган шимолий-ғарбий нуқтада қарор топган. Бундан ташқари, “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” экстремистик гуруҳи Идлиб ва Ҳалабнинг баъзи қисмларида жойлашган бўлса, яна бир сунний-араб мухолифлар мамлакатнинг жануби-шарқини ўз назорати остида ушлаб туради.
Нега айнан ҳозир?
Ортда қолган 4 йил давомида кенг кўламдаги ҳужумларга ўтишдан тийилган “Таҳрир аш-Шом” террорчи клани нега айнан ҳозир ички урушни жонлантиргани кўплаб савол ва тахминларни ўз ортидан етакламоқда. Экспертлар бунга асосан икки омилни сабаб қилиб келтиряпти. Биринчиси, бу – Асад режимини узоқ вақтдан буён амалий ҳарбий ёрдам билан қўллаб келган Россия ва Эрон прокси-гуруҳи – “Ҳизбуллоҳ”нинг айни дамда расмий Дамашққа салмоқли ёрдам бера олиш эҳтимоли пастлигидир. “Ҳизбуллоҳ” Исроил билан бўлиб ўтган 14 ойлик жанглардан сўнг катта йўқотишларга учраган бўлса, Россиянинг бугун Украинага босқини ўзининг энг кескин нуқталаридан бирига чиққани билан изоҳланмоқда. Бу эса “Таҳрир аш-Шом” экстремистик гуруҳи ва унга эргашган бошқа исёнчилар кўз ўнгида Асадни ҳокимиятдан ағдариш имкониятини пайдо қилган бўлиши эҳтимоли ҳам бор. Аммо ўтган вақт давомида Россия ёрдами ва Ироқда жойлашган “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати кучлари Сурияга кўчирилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди ва бу Асад режимининг қулаш эҳтимолини пасайтиради.
Иккинчи омил эса бевосита Россия билан боғлиқ бўлиб, унинг мамлакатдан ташқарида жойлашган ягона денгиз базаси – Сурияда жойлашган Тартус портига хавф солиш орқали Украинадаги босқинига халал бериш дея талқин қилинмоқда. Тартус Россия ҳарбий-денгиз кучларининг Суриядаги асосий ва таянч базаси ҳисобланади. Бу юқорида таъкидлаганимиздек, Россия чегарасидан ташқаридаги ягона денгиз базасидир. Тартуснинг Россия учун аҳамияти жуда юқори. Иқтисодий жиҳатдан бу порт Россия учун жуда қулай логистик имкониятлар тақдим қила олади. Хусусан, у жойлашган нуқтадан Қора денгизга ва Суваш канали орқали Қизил денгизга ўтиш Россия кемалари учун жуда қулай. Мазкур денгиз базаси Россиянинг Ўртаер денгизида мутлақ мавжудлигини таъминлайди. Чунки 2017 йилда Москва Сурия Президенти Башар Асад билан Тартуснинг ижара муддатини 49 йилга узайтириш бўйича келишувга эришган эди. Шартнома Россияга базага 11 тагача ҳарбий кемани, жумладан, ядровий қувватли кемаларни жойлаштириш имконини ҳам беради. Можаро атрофида Тартус билан боғлиқ кўриб чиқилаётган сценарий эса унга таҳдид солиш орқали Россияни Украина масаласида ён беришга мажбур қилишдир. Чунки Ҳалабдан бошланган ҳужумнинг кейинги йўналиши Ҳама, бу ҳудуд эса Тартус билан чегарада жойлашган.
LiveБарчаси