Суперлига қоидаларига ўзгартириш киритилиши мумкин
Спорт
−
20 Ноябрь 1470 2 дақиқа
Ўзбекистон профессионал футбол лигаси (ЎзПФЛ) футбол ўйин қоидаларига киритилиши режалаштирилаётган бир қатор ўзгаришларни Суперлигада жорий этиш бўйича иш олиб бормоқда. ЎзПФЛ “Суперлига регламенти”нинг 14 ва 15-бобларига бир нечта таклифлар киритилди ва клублар бу ўзгаришларни қўллаб-қувватлади. Энди 2026 йилдан бошлаб Суперлигада бир қатор янги қоидалар жорий этилиши кутилмоқда.
2026 йилдан бошлаб Суперлигада қуйидаги янги қоидалар жорий этилиши мумкин:
- бош мия чайқалиши оқибатида футболчи учрашувни давом эттира олмаслиги масаласи тез тиббий ёрдам шифокори ҳамда клуб шифокори томонидан тасдиқланса, футболчи алмаштириш учун имконияти қолмаган бўлиши шартида ҳар икки клубга қўшимча бир нафардан футболчини алмаштириш имконияти тақдим этилиши;
- учрашув ҳаками билан фақатгина жамоа сардори суҳбат олиб бориши мумкинлиги масаласини қатъийлаштириш;
- ҳакамнинг стоп қўл ишорасидан кейин ҳам тинчланишни истамаган футболчига ҳар қандай қўшимча сўзлар учун огоҳлантириш кўрсатилиши;
- футболчининг майдонда вақт чўзиш учун ётиб олиши оқибатида учрашув тўхтатилса, мазкур футболчи ҳар қандай ҳолатда ҳам майдонни камида 1 дақиқага тарк этиши ва бу каби ҳолатда замбил ташувчилар ҳам овора қилинган бўлса, футболчи майдон ташқарисида камида 3 дақиқа қолиши шартлиги;
- футболчиларни алмаштираётган вақтда захира таблоси кўтарилган сониядан бошлаб футболчи майдонни 15 сония ичида тарк этиши ва мазкур сониялар кўпайиб кетган тақдирда, майдонга янги қўшилаётган футболчи 1 дақиқа давомида майдонга туширилмаслиги;
- дарвозабон тўпни 8 сония давомида қўлида ушлаб турса ҳамда тўпни ўйинга эркин зарба билан киритиш жараёни 8 сониядан ошиб кетса, рақиб фойдасига бурчак зарбаси белгилаш қоидасини қатъийлаштириш;
- тўпни аутдан ўйинга киритаётган футболчи мазкур вазифа учун 8 сониядан кўпроқ вақт сарфласа, аут рақиб фойдасига олиб берилиши.
Маълумот учун, мазкур ўзгаришларнинг бир қисми MLS’да аллақачон синовдан ўтган ва амалиётда қўлланилмоқда. Агар лойиҳа амалга ошса, ЎзПФЛ ушбу ўзгаришларни февраль ойига қадар жорий этишни режалаштирмоқда.