Суперкомпютер ЧЛнинг асосий фаворитларини аниқлади
Спорт
−
29 Январь 1343 1 дақиқа
Opta статистик платформаси суперкомпютерининг янги прогнозига кўра, Англиянинг “Арсенал” жамоаси 2025-2026 йилги UEFA Чемпионлар лигасида ғалаба қозониш учун 30 фоиз имкониятга эга ва мусобақа ғолиблиги учун асосий фаворит ҳисобланади.
Прогнозларга кўра, лондонликларнинг чорак финалга чиқиш эҳтимоли 86 фоиз, ярим финалга йўл олиши 64 фоиз, финалга чиқиш имконияти эса 47 фоизни ташкил этади.
Турнирда ғалаба қозониш эҳтимоли юқори бўлган энг кучли беш жамоага яна қуйидаги клублар киради:
- “Бавария” (Германия) – 15%;
- “Манчестер Сити” (Англия) – 10%;
- “Ливерпуль” (Англия) – 9%;
- “Челси” (Англия) – 8%.
Суперкомпютер ҳисоб-китобларига кўра, “Пари Сен-Жермен” амалдаги чемпион сифатида ўз унвонини ҳимоя қилиш учун 5 фоиз имкониятга эга. Маълумот учун, парижликлар турнирнинг 1/8 финал босқичига тўғридан-тўғри чиқа олмай, плей-офф босқичида иштирок этади.
Микель Артета бошчилигидаги “Арсенал” Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичида саккизта учрашувнинг барчасида ғалаба қозониб, жадвалда биринчи ўрин билан 1/8 финал босқичига тўғридан-тўғри йўлланма олди.
Маълумот учун, турнирнинг плей-офф босқичига қуръа ташлаш маросими эртага, 30 январь куни бўлиб ўтади.