“Сўнгги титан”. Таиландда 27 тонналик динозавр қолдиқлари топилди
Олам
−
16 Май 3185 2 дақиқа
Буюк Британия ва Таиланд тадқиқотчилари Жануби-Шарқий Осиёда ҳозиргача аниқланган энг йирик динозавр турини топди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, гап Nagatitan chaiyaphumensis номли улкан зауропод ҳақида кетмоқда. Буюк Британия ва Таиланд тадқиқотчилари динозаврнинг янги турни Таиланднинг шимоли-шарқидаги Чаияпхум вилоятида топилган қазилма суяклар асосида аниқлаган.
Олимларнинг айтишича, унинг вазни 27 тоннага етган бўлиб, бу қарийб тўққизта йирик Осиё филининг оғирлигига тенг. Динозаврнинг узунлиги эса 27 метрни ташкил этган. Бу ҳаттоки машҳур Diplodokus’дан ҳам каттароқ динозаврлардан бири дегани.
Тадқиқот бош муаллифи, Лондон Университет коллежи докторанти Титивут Сетапанишсакул Nagatitan’ни Таиланднинг “сўнгги титани” деб атаган. Унинг тушунтиришича, қазилмалар мамлакатдаги энг ёш динозавр қолдиқлари учрайдиган геологик қатламдан топилган.
“Динозаврлар даврининг охирига келиб ҳосил бўлган ёш қатламларда динозавр қолдиқлари деярли сақланиб қолмайди, чунки ўша пайтда бу ҳудуд саёҳ денгизга айланган эди. Шу сабабли Nagatitan Жануби-Шарқий Осиёда топилган энг сўнгги ёки энг кеч яшаган йирик зауроподлардан бири бўлиши мумкин”, дейди Титивут Сетапанишсакул.
“Naga” сўзи Жануби-Шарқий Осиё фольклоридаги афсонавий илонни, “titan” эса юнон мифологиясидаги улкан мавжудотларни англатади. Динозавр номидаги “chaiyaphumensis” қўшимчаси эса қазилмалар топилган ҳудуд номидан олинган.
Олимлар Nagatitan бундан 100-120 миллион йил аввал яшаганини айтмоқда. У Тираннозавр рекс пайдо бўлишидан қарийб 40 миллион йил олдин яшаган бўлиб, ундан деярли икки баравар катта бўлган.
Тадқиқот ҳаммуаллифи, Лондон Университет коллежи профессори Пол Апчёрчнинг айтишича, ўша даврда атмосферадаги карбонат ангидрид миқдори ва глобал ҳарорат юқори бўлган. Айнан шу омиллар зауроподларнинг янада улканлашишига таъсир қилган бўлиши мумкин. Тадқиқотчилар Nagatitan жануби-шарқий Осиёда яшаган энг сўнгги йирик зауроподлардан бири бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мўғулистоннинг Гоби чўлидаги Ухаа Толгод ҳудудида палеонтологлар узунлиги атиги 1 сантиметр бўлган ниҳоятда яхши сақланиб қолган скелетни топган эди.
Live
Барчаси