“Сўнгги қўнғироқ” куни неча ўқувчи “права”сиз машина ҳайдагани айтилди
3-саҳифа
−
24 Май 17022 1 дақиқа
Бугун, 24 май куни “Сўнгги қўнғироқ” байрам тадбирлари доирасида 384 нафар вояга етмаган мактаб ўқувчилари томонидан битирув маросимига транспорт воситасини бошқариб келиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, бугун бўлиб ўтган “Сўнгги қўнғироқ” маросимлари давомида республиканинг барча ҳудудларидаги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан зарур назорат тадбирлари ўтказилиб, вояга етмаганлар томонидан йўл ҳаракати қоидалари бузилишининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилган.
“Бундай вазият йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиши ва йўл-транспорт ҳодисалари юзага келиши, хусусан болалар жароҳатланиши хавфини оширади”, дейилади хабарда.
Натижада республика бўйича бугун 24 май куни 384 нафар вояга етмаган мактаб ўқувчилари томонидан битирув маросимига транспорт воситасини бошқариб келиш ҳолатлари аниқланиб, бу борада тегишли чоралар кўрилган. Шунингдек, ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган вояга етмаганлар томонидан автомобиль бошқарилишини олдини олиш бўйича тегишли чоралар кўриш тўғрисида Болалар омбудсмани томонидан ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига сўров киритилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2024/2025 ўқув йилида умумий ўрта таълим ташкилотларининг 11-синфини битириши кутилаётган ўқувчиларнинг умумий сони 455,2 минг нафарни ташкил этиши ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси