Сулҳ қисқа бўлади, уруш яна икки ой давом этади – Исроил Мудофаа вазири
Олам
−
24 Ноябрь 2023
3950ҲАМАС билан қисқа муддатли сулҳ тугаши билан Исроил ҳарбийлари интенсив равишда жанговар ҳаракатларни давом эттиради ва ҳужумлар яна камида икки ойга чўзилади. Бу ҳақда Исроил Мудофаа вазири Йоав Галлант маълум қилди.
“Биринчи навбатда, яқин кунларда гаровга олинганларнинг озод этилишини кўрасиз. Бу муҳлат қисқа бўлади”, дейди Галлант Исроил денгиз флотининг 13-“Шайетет” бўлинмасига.
Галлант сулҳ даврида Исроил қўшинлари янги жангларга тайёргарлик кўриши ва қурол-яроғлар захирасини тўлдириши кераклигини айтиб ўтган.
Шунингдек, у гаровга олинганларни озод қилиш учун жангларни давом эттириш зарурлигини билдирган.
Вазирнинг иддао қилишича, Исроил гуруҳга босим ўтказмаса, ҲАМАС уларни озод қилмайди.
“Биз ғалабага эришишимиз, шунингдек, кейинги гаровга олинган гуруҳларни озод қилиш учун шароит яратишимиз керак. Бу босимни давом эттирган тақдирдагина мумкин бўлади”, дея вазирнинг сўзларидан иқтибос келтиради “Тimes of Israel”.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 22 ноябрь куни бир неча соатлик муҳокамалардан сўнг, Исроил ҳукумати 4 кун давомида жанговар ҳаракатларни тўхтатиш эвазига Ғазо секторида ҲАМАС томонидан гаровга олинган баъзи исроилликларни озод қилишни назарда тутувчи келишувни маъқуллаганди.