Суицид: ўзини ўлдириш энг юқори 10 давлат

Таҳлил

image

Ахборот технологиялари асрида ахборотни тарқатиш, қабул қилиш ва таҳрирлаш исталган одам томонидан амалга ошириш мумкин бўлган оддий жараёнга айланди. Ўргимчак тўридан четда қоладиган маълумотлар жуда кам. Шундай мавзулардан бири суицидлардир. Биз тез-тез бундай қилмишлар ҳақидаги маълумотларга дуч келмоқдамиз. Аммо кўпчилик ўз жонига қасд қилиш ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Шундай бўлса-да, кўплаб жамоат саломатлиги мутасаддиларининг фикрича, очиқлик ва муҳокама ўз жонига қасд қилишнинг кенг тарқалишига қарши курашишда муҳим восита ҳисобланади. Шуни инобатга олган ҳолда, биз ўз жонига қасд қилиш даражаси дунё бўйлаб қандай фарқ қилиши ва айрим мамлакатларда бу кўрсаткич нега юқори эканини кўриб чиқишга қарор қилдик. Мақолада энг юқори кўрсаткичларга эга мамлакатлар, минтақалар ва жинслар бўйича тафовутлар ҳамда бошқалар ҳақида сўз боради.

Аввало таъкидлаш лозимки, қуйидаги маълумотлар асосан савдо сиёсати бўйича келишувларга эга Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ)га аъзо 38 та юқори ёки ўрта даромадли мамлакатларга тегишли.

Кўрсаткич: 2020 йил маълумотлари асосида ўз жонига қасд қилишнинг ҳар 100 минг аҳоли кесимида

1. Жанубий Корея (24.1)

Жанубий Кореяда ўз жонига қасд қилиш жиддий жамоат саломатлиги муаммосидир. Айниқса, ижтимоий ва оилавий эътибордан четда қолган кексалар орасида кенг тарқалган. Сўнгги ўн йил ичида ёшларда ҳам бу кўрсаткич ошиб бормоқда. Бунинг олдини олиш мақсадида турли ташаббуслар амалга оширилган бўлса-да, ҳозирча сезиларли ютуқ қайд этилмаяпти.

2. Литва (20.3)

Литвада ўз жонига қасд қилиш кўрсаткичи 1990 йилларнинг ўрталаридан бери пасайиб келаётган бўлса-да, у ИҲТТ мамлакатлари орасида иккинчи ўринда қолмоқда. Кўплаб собиқ совет мамлакатларида бўлгани каби, 1990 йилларда коммунизмдан чиқиш жараёни оғир кечди ва бу ижтимоий шароитларни ёмонлаштириб, руҳий саломатлик муаммоларини кучайтирди.

3. Венгрия (16.1)

Венгрия ўз жонига қасд қилишга қарши курашда муайян ютуқларга эришди ва кўрсаткич йиллар давомида аста-секин камаймоқда. Кўплаб юқори кўрсаткичли мамлакатлардаги каби, бу ерда ҳам минтақалар ўртасида катта фарқлар мавжуд: қашшоқ ва қишлоқ жойларда ўз жонига қасд қилиш анча кўп учрайди.

4. Словения (15.7)

Яна бир Марказий Европа давлати бўлган Словения юқори кўрсаткичга эга, лекин сезиларли камайиш қайд этилган. Словения кичик мамлакат бўлса-да, замонавий аралаш иқтисодиёт ва юқори турмуш даражасига эга. Жинс ва минтақаларга кўра кўрсаткичлар фарқ қилади.

5. Япония (15.4)

Японияда ўз жонига қасд қилиш кўрсаткичлари сўнгги йилларда ўзгариб турди, бунда COVID-19 пандемиясининг таъсири сезилади. 1990 йилларнинг охирида кескин кўтарилишдан кейин аста-секин камайган бўлса-да, пандемия даврида яна ошди. 20-44 ёшли япон эркаклари орасида суицид энг кўп учрайдиган ўлим сабабидир.

6. Эстония (15.1)

Эстония Шимолий Европа давлати ва ИҲТТ аъзосидир. Юқори даромадли мамлакат сифатида ривожланган иқтисодиётга эга. Шунга қарамай, ўз жонига қасд қилиш кўп учрайди, бу эса муаммони ҳал қилишнинг нақадар қийин эканини кўрсатади.

7. Латвия (14.9)

Латвия ҳам Шимолий Европа давлати – Эстония сингари Болтиқбўйида жойлашган. Кичик ва ривожланган мамлакат бўлса-да, спиртли ичимликларга ружу қўйиш ва ижтимоий бегоналашув каби муаммолар юқори кўрсаткичларга олиб келмоқда.

8. Бельгия (14.6)

Бельгия Ғарбий Европадаги энг юқори ўз жонига қасд қилиш кўрсаткичига эга давлат сифатида танилган. Бу шуни кўрсатадики, нисбатан ривожланган соғлиқни сақлаш тизимига эга бой мамлакатларда ҳам бу жиддий муаммо бўлиб қолмоқда.

9. АҚШ (14.1)

Америка Қўшма Штатлари узоқ йиллардан бери бой мамлакат бўлишига қарамай, ўз жонига қасд қилишда юқори кўрсаткичга эга. Сўнгги ўн йилликда бу муаммо янада оғирлашди, айниқса, “умидсизликдан келиб чиққан ўлимлар” (ўз жонига қасд, гиёҳвандликдан ўлим ва алкоголизм оқибатидаги жигар касалликлари) борасида.

10. Финляндия (12.9)

Финляндия Скандинавия давлати бўлиб, дунёдаги энг яхши таълим ва соғлиқни сақлаш тизимларидан бирига эга. Аммо дунёдаги энг юқори турмуш даражаси ва бахтлилик кўрсаткичларига қарамай, бу ерда ўз жонига қасд қилиш даражаси нисбатан юқорилигича қолмоқда. Олимлар бу ҳолатни узоқ, қоронғи, совуқ қишлар ҳамда умумий фаровонликдан камроқ баҳраманд бўлаётган аҳолининг депрессияга тушиши каби омиллар билан изоҳлайди.

ИҲТТ аъзоси бўлмаган давлатларда суицид яна ҳам кўпроқ

Юқорида таъкидланганидек, бу рейтинглар ИҲТТ аъзоси бўлмаган давлатлар ва уларда яшовчи миллиардлаб одамларни ҳисобга олмайди. Аслида, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, Африка қитъасида дунёдаги энг юқори ўз жонига қасд қилиш кўрсаткичи қайд этилган. Баъзи мамлакатларда бу кўрсаткич бизнинг биринчи ўриндаги давлатимиз – Жанубий Кореядагидан ҳам анча юқори. Айниқса, кичкинагина Лесото давлатида вазият алоҳида оғир ва фожиали бўлиб, бу ерда ҳар 100 минг кишига 87,5 та ўз жонига қасд қилиш ҳолати тўғри келади.

Қанчалик даҳшатли бўлмасин, бу статистикада мантиқий жиҳат ҳам бор: табиий бойликларга бой ва аҳолиси энг тез ўсиб бораётган қитъа бўлишига қарамай, Африка мамлакатлари кўпинча нисбатан қашшоқ, миллионлаб одамлар эса жиддий ижтимоий муаммолар, уруш ва ихтилофларга дуч келмоқда.

Эркаклар аёлларга қараганда кўпроқ ўз жонига қасд қилади

Аниқ айтиладиган кам сонли ҳақиқатлардан бири шуки, ўз жонига қасд қилиш кўрсаткичи аёлларга қараганда эркаклар орасида анча юқори. Тадқиқотчилар турли омилларни кўриб чиққан бўлса-да, бу тафовутни тушунтириш илмий жумбоқ бўлиб қолмоқда. Яна бир ажабланарли факт шуки, эркаклар кўрсаткичи юқори бўлса-да, суицидга уринишлар сони аёллар орасида кўпроқ. Яъни аёллар ўз жонига қасд қилиш ҳақида эркакларга нисбатан кўпроқ ўйлайди ва бу ҳақда кўпроқ гапиради.

Хўш, нега эркаклар суицид ҳақида кам гапиради-ю, унга кўп қўл уради? Баъзи олимларнинг фикрича, оиланинг асосий ёки ягона боқувчиси бўлиш юки оғир иқтисодий даврларда эркакларни руҳий босим остига қўяди. Шунингдек, эркаклар атрофдагилар билан камроқ ҳасратлашади ва турмуш ўртоғидан ташқари кучли ижтимоий алоқаларга эга бўлиш эҳтимоли пастроқ.


Мақола муаллифи

Теглар

суицид ўз жонига қасд қилиш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг