“Сўғдиёна”нинг сербиялик дарвозабони ёш болаларни ҳақоратлади (видео) 

Спорт

image

Кеча, 11 август куни футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати доирасидан ўрин олган “Нефтчи” ва “Сўғдиёна” клублари ўзаро баҳс олиб борди. Фарғона вилоятидаги “Истиқлол” стадионида бўлиб ўтган мазкур учрашув 0:0 кўринишида нурсиз дуранг билан якунланди. 

Учрашувнинг иккинчи 45 дақиқалиги жуда ҳам асабий тарзда ўтди. Баҳс давомида бош ҳакам Рустам Лутфулин томонидан ўйин иштирокчиларига жами 11 та сариқ карточка кўрсатилди ҳамда мезбонлар футболчиси учрашув якунида майдондан четлатилди. 

Ўйин давомида “Сўғдиёна”нинг сербиялик дарвозабони Милан Митрович дарвоза ортидаги тўп узатувчи ёш футболчилар ва стадион ходимларини номаълум сабабдан ҳақорат қилиб, зиддиятли вазиятни келтириб чиқарди. Бунинг ортидан маҳаллий мухлислар учрашув ҳакамлари ва меҳмон жамоа аъзоларига қарата турли буюмларни улоқтириб кескин норозилик билдирди. 

Кейинчалик Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси мазкур ҳолат юзасидан муносабат билдириб, содир бўлган вазият Тартиб-интизом қўмитаси томонидан синчковлик билан ўрганиб чиқилиши ва можаро сабаблари аниқланиб, айбдорларга тегишли чора кўрилишини маълум қилди. 

“Мазкур ҳолат ЎФА Тартиб-интизом қўмитаси томонидан синчковлик билан ўрганиб чиқилади ва айбдорларга тегишли чоралар кўрилади. Футболчилар ҳар қандай эҳтиросли ҳолатда ҳам ўзини профессионал спортчидек тутиши зарур”, дейилади ассоциация хабарида.


Мақола муаллифи

Теглар

Нефтчи Сўғдиёна Милан Митрович

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг