Судандаги бозор бомбаланди: 153 киши ҳалок бўлди

Олам

−

image

Судан ва Жанубий Судан чегарасидаги баҳсли Абъей ҳудудида жойлашган бозорга дронлар билан ҳужум қилиниши оқибатида камида 153 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Қайд этилишича, ҳужум жорий йилнинг 19 октябрь куни содир бўлган. Абъей ҳудуди ахборот вазири вазифасини бажарувчи Йохана Акол Нгорнинг маълум қилишича, дастлаб 73 киши ҳалок бўлгани айтилган, бироқ қидирув-қутқарув ишлари давомида қурбонлар сони 153 нафарга етган. Унинг сўзларига кўра, ёнғин ҳали ҳам давом этаётгани сабабли ҳалок бўлганлар сони ортиши мумкин. Айрим жасадлар бутунлай ёниб кетган.

“Reuters” билан суҳбатлашган уч нафар дипломат, бир ёрдам ташкилоти ходими ва можаро бўйича эксперт ҳужум бозор ҳудудидаги ёқилғи омборига текканини билдирган. Уларнинг айтишича, ушбу омбордан аввалроқ “Тезкор қўллаб-қувватлаш кучлари” (RSF) ўз қўшинларини таъминлаш учун фойдаланган. Бироқ бу маълумотларни мустақил тасдиқлашнинг имкони бўлмаган.

Абъей ҳудудининг масъул расмийси ҳужумни Судан армияси амалга оширганини айтган, аммо бунга далил келтирмаган. Судан қуролли кучлари вакили Reuters’нинг изоҳ сўровига ҳозирча жавоб бермаган. Судан ҳарбий ҳукумати вакиллари эса RSF жангарилари ҳудуднинг айрим қисмларида фаолият юритаётганини билдирган. Абъей расмийси бу даъвони рад этган.

Ҳужум оқибатида 8 мингга яқин одам ўз яшаш жойларини тарк этган. “Чегара билмас шифокорлар” халқаро ташкилоти яқин атрофдаги Амeth Бек шифохонасида 20 нафардан ортиқ ярадорни даволаётганини маълум қилган. Уларнинг айримлари куйиш жароҳатларини олган.

Жанубий Судан Ташқи ишлар вазирлиги ҳужум ортidan Судан элчисини чақириб, норозилик билдирган. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти эса Абъей ва Суданнинг бошқа ҳудудларидаги дрон ҳужумларини қоралаб, улар тинч аҳоли ва муҳим инфратузилмага жиддий зарар етказаётганини таъкидлаган.

Маълумот учун, Суданда 2023 йилнинг апрелидан бери мамлакат армияси ва RSF ўртасида қуролли можаро давом этмоқда. Тўқнашувлар катта гуманитар инқирозга сабаб бўлган ва мамлакат чегараларидан ташқарига ҳам тарқалган.

Маълумотларга кўра, ҳужумдан аввалги кунларда ҳам Суданнинг турли ҳудудларида дрон зарбалари оқибатида кўплаб одамлар ҳалок бўлган. Жумладан, Ғарбий Кордофан штатидаги ҳужумларда 84 киши ҳалок бўлиб, 65 киши яраланган, Ниала шаҳридаги бозорга қилинган ҳужумда эса 23 киши ҳаётдан кўз юмган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Суданнинг Миср билан баҳсли чегара ҳудудидаги олтин конига берилган авиазарба оқибатида камида 72 нафар кончи ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг