Суданда вазият жиддий. Ҳарбий ҳаракатлар яна авж олди

Олам

image

Судан пойтахти Хартум марказида отишма ва портлашлар содир бўлмоқда. Шаҳар узра армияга тегишли бўлган қирувчи самолётлар учиб ўтмоқда. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Судан армияси ва ҳарбийлаштирилган тезкор қўллаб-қувватлаш кучлари мамлакатнинг бошқа муҳим объектларини назорат қилиш учун курашмоқда. Тўқнашув оқибатида Хартумда 50 дан ортиқ шахс ҳалок бўлган. Судан бўйлаб тўқнашувларда жами 56 киши қурбон бўлган ва 595 киши яраланган.

“Пойтахтнинг кўплаб аҳоли турар жойларида ҳам ҳарбий амалиётлар бўлиб ўтмоқда, одамлар ўзларига бошпана топишга мажбур қолмоқда”, дейилади хабарда.

Тезкор қўллаб-қувватловчи кучлар (RSF) жангарилари мамлакатдаги камида учта аэропортни, шунингдек, қатор ҳарбий объектлар ва Президент саройини эгаллаб олганини айтишган.

Бироқ Судан Қуролли кучлари бош қўмондони Абдель Фаттоҳ ал-Бурхоннинг таъкидлашича, RSF'нинг Президент саройи, пойтахт аэропорти ва қуролли кучлар штаб-квартирасини назорат қилаётгани ҳақидаги баёнотлари ҳақиқатга тўғри келмайди. Генерал Бурхон “Al Jazeera” нашри билан суҳбатда ҳарбийлар вазиятни тўлиқ назорат қилаётганини айтган.

Судан пойтахти Хартумдаги кўплаб йўллар ва кўприклар тўсиб қўйилган, аэропорт ҳам уруш ҳудудига айланган, у ерга парвозлар тўхтатилган. Украина оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, ҳарбий ҳаракатлар оқибатида Украинанинг SkyUp авиакомпаниясининг Boeing 737 самолёти аэропортда ёниб кетган.

SkyUp компанияси матбуот хизмати ўзининг Facebook’dagi саҳифасида ҳозирда самолётнинг ҳолати ва эҳтимолий зарарни аниқлашнинг иложи йўқлигини маълум қилган.

“Мамлакатда бўлган 36 нафар ходим ҳозир нисбатан хавфсиз жойда қолмоқда, улар билан алоқа мавжуд”, дея хабар беради SkyUp компанияси.

Суданнинг Омдурман шаҳрида BBC араб мухбири Усмон ҳам Хартумдаги таҳририятга келаётганда машинасини ҳарбийлар тўхтатиб, маҳалий армия штабига олиб келган ва у ерда мухбир калтакланган.

“Биз зўравонликни зудлик билан тўхтатишга ва можаронинг янада кучайишига ёки қўшинлар сафарбар этилишига йўл қўймасликка ҳамда юзага келган муаммоларни ҳал қилиш бўйича музокараларни давом эттиришга чақирамиз”, дейди АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен.

Бирлашган Араб Амирликларининг Хартумдаги элчихонаси можаро қандай кечаётганини катта ташвиш билан кузатаётганини қайд этиб, муаммони тинч йўл билан ҳал қилиш ва янги ҳукуматни шакллантиришда миллий консенсус (келишув)га эришиш зарурлигини яна бир бор эслатиб ўтган.

Шунингдек, АҚШнинг Хартумдаги элчиси Жон Годфри ўқ овозларидан уйғонганини ва ҳозирда худди Хартумдаги ва бошқа жойлардаги суданликлар каби элчихонада бошқа дипломатлар билан яшириниб юрганини айтган.

“Мен зудлик билан юқори мартабали ҳарбий раҳбарларни ушбу ҳаракатларни тўхтатишга чақираман”, деб ёзади Жон Годфри.

Pоссия ахборот агентликлари хабарига кўра, Хартумдаги Россия элчихонаси ҳам зўравонлик авж олганидан хавотир билдириб, ўт очишни тўхтатишга чақирган.

Маълумот учун, ҳарбийлар 2021 йилда Суданда ҳокимиятни қўлга киритган ва ҳозиргача уни ушлаб туришда давом этмоқда. Улар ҳокимиятни фуқаролик ҳукуматига топшириш истагини эълон қилган.

Эслатиб ўтамиз, Кеча, 15 апрель куни авж олган тўқнашувлар 2021 йилги ҳарбий тўнтаришдан кейин бошланган сиёсий инқирознинг давоми экани айтилмоқда. Тезкор ҳаракат кучлари ва армия икки йилдан бери ўтиш даври ҳукуматини шакллантириш бўйича келиша олмаган турли сиёсий гуруҳларни қўллаб-қувватламоқда.

Суверен кенгашга (мамлакат бошқарув органи) ҳам раҳбарлик қилаётган армия қўмондони Абдулфаттоҳ ал-Бурхон ва унинг кенгашдаги ўринбосари махсус кучлар қўмондони Муҳаммад Ҳамдан Дагало ўртасидаги келишмовчиликлар туфайли Суданда вазият кескинлигича қолмоқда.

Шоҳжаҳон Мажитов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Судан

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг