Суданда кўчки оқибатида камида минг киши ҳалок бўлди
Олам
−
02 Сентябрь 2025 4611 1 дақиқа
Жорий йилнинг 31 август куни Ғарбий Судандаги Марра тоғлари ҳудудида юз берган кўчки оқибатида камида минг киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, кўчки бир неча кун давом этган кучли ёмғирлардан сўнг юз берган. Ушбу ҳудуддаги қишлоқ бутунлай ер билан яксон бўлган. Судан озодлик ҳаракати (Дарфурдаги ҳарбий гуруҳ) БМТ ва бошқа халқаро ташкилотларга ҳалок бўлганларнинг жасадларини чиқаришда ёрдам беришни сўраб мурожаат қилган.
Маълум бўлишича, фуқаролар уруши сабабли аҳоли Судандаги Марра тоғлари ҳудудида паноҳ излаган. Бунга 2019 йилдаги ҳарбий тўнтариш сабаб бўлган. Ўша пайтда мамлакат президенти Умар ал-Башир ҳокимиятдан ағдарилган. Ҳокимиятни ўз қўлига олган Суверен кенгаш таркибига армия ҳамда қуролланган Тезкор реакция кучлари (RSF) вакиллари кирган. Армия ва RSF тезкор кучларини давлатнинг қуролли тузилмаларига интеграция қилиш борасида келиша олмагач, 2023 йилда улар ўртасида қуролли тўқнашувлар бошланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистонда мамлакат тарихидаги энг оғир зилзилалардан бири содир бўлгани ва у 800 дан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлиб, камида 2800 кишини ярадор қилгани ҳақида хабар берилган эди.