Суданда давлат тўнтариши: Бош вазир ва амалдорлар ҳибсга олинди

Олам

image

Судан ҳарбийлари ўтиш даври фуқаролик ҳукумати аъзоларини, жумладан, Бош вазирни ҳибсга олди ва мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилди. Бу ҳақда BBC нашри хабар бермоқда.

Судан Суверен кенгаши раҳбари, генерал Абдул Фаттоҳ ал-Бурҳон телемурожаатида турли сиёсатчилар ўртасидаги қарама-қаршилик ва зўравонликка чақириқлар туфайли ҳарбийлар вазиятга аралашишга мажбур бўлинганини айтган. Намойишчилар пойтахт Хартум кўчаларига чиққан, отишма бўлгани ҳақида хабарлар бор. Уч нафар намойишчи ҳалок бўлган. 

Таъкидланишича, кўп сонли намойишчилар фуқаролик ҳукуматининг қайтишини талаб қилмоқда ва намойишлар бошқа шаҳарларга, жумладан, Атбара, Вад-Медани ва Порт-Суданга ҳам ёйилган. Сиёсий партиялар ва касаба уюшмалари ҳам норозиликларга чақирилган, намойишчилар сони ортиши кутилмоқда. 

“Фуқаролик ҳукумати қайтиб келмагунча ва ҳокимиятни топшириш бошланмагунча кўчаларни тарк этмаймиз”, деган намойишчилардан бири Савсан Башир. 

Ҳарбийларнинг ваъдалари

Ал-Бурҳон Судан халқаро келишувларга содиқ қолишини ва бир мунча вақт ўтгач, мамлакат фуқаролик бошқарувига қайтиши мумкинлигига ваъда берган, бу 2023 йил июлига белгиланган сайловлардан кейин содир бўлиши мумкин. 

Таъкидланишича, кеча, 25 октябрь куни тонгда ҳарбийлар Бош вазир Абдулла Ҳамдук ва ҳукумат аъзоларининг кўпини ҳибсга олган. Маълумотларга кўра, Ҳамдук уй қамоғига олинган. У ҳарбийларнинг ҳаракатларини қўллаб-қувватловчи баёнот беришдан бош тортгани айтилган.

Маълумотларга кўра, армия нафақат вазирларни, балки ҳукмрон кенгашнинг бир фуқароси, бир неча штат губернаторлари ва сиёсий партиялар етакчиларини ҳам ҳибсга олган. 

Ҳамдук тарафдорлари назорати остида қолаётган Судан Ахборот вазирлиги ҳодисани ҳарбий тўнтариш деб атаган ва қаршилик кўрсатишга чақирган. Уй қамоғига олинган Бош вазирнинг ўзи ҳам инқилобни тинч йўл билан ҳимоя қилиш учун одамлар кўчага чиқиши кераклигини айтган. 

“Биз демократияни охиригача ҳимоя қиламиз”, деган намойишчилардан бири, 21 ёшли Аҳмад.

“Бурҳон бизни алдай олмайди. Бу ҳарбий тўнтариш”, деган яна бир намойишчи. 

Ахборот вазирлиги маълумотларига кўра, ҳарбийлар томонидан ҳокимиятни эгаллаб олинишига қарши намойишларда ўн минглаб одамлар қатнашган. Судан пойтахти Хартумдаги армия раҳбарияти жойлашган бино яқинида отишма овозлари эшитилган. Шифокорларнинг хабар беришича, тўқнашувлар давомида камида 12 киши жароҳатланган, бошқа тафсилотлар ҳозирча номаълум. 

Гувоҳларнинг айтишича, ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган кучлар Хартумга тинч аҳоли ҳаракатини чеклаш учун жойлаштирилган. Уларнинг қўшимча қилишича, пойтахтда интернет ҳам ишламаяпти, шунинг учун Суданда нима бўлаётгани ҳақида маълумот олиш қийин бўлмоқда.

Хабарларга кўра, ҳарбийлар Омдурман шаҳридаги асосий телерадио марказига бостириб кириб, бир қанча ходимларни ҳибсга олган. Шунингдек, пойтахт аэропорти ёпилган, унга яқинлашиш ҳарбийлар томонидан тўсиб қўйилган, халқаро рейслар тўхтатилган. 

Америка Қўшма Штатлари Судандаги ҳарбий тўнтариш ҳақидаги хабарлардан чуқур хавотирда эканини маълум қилган. АҚШнинг Африка бўйича махсус вакили Жеффри Фелтман ҳокимиятнинг ҳарбийлар томонидан қўлга олиниши мутлақо номақбул бўлишини ва Американинг Суданга инсонпарварлик ёрдамини хавф остига қўйишини айтган. 

Шунингдек, Араб давлатлари лигаси Судандаги воқеалардан хавотир билдирган. Лига бош котиби Аҳмад Абул Гайт Суданда томонларни имзоланган ўтиш даври келишувларига риоя қилишга чақирган. Судан — Араб давлатлари лигасининг аъзоси. 

Судандаги инқироз 

Ҳарбийлар ва фуқаролик ўтиш даври ҳукумати ўртасидаги зиддият кучайган бир пайтда армия Судан ҳукуматини ҳибсга олди. Улар Президент Умар ал-Башир 2019 йилда бир неча ойлик кўча намойишларида ҳокимиятдан четлатилганидан кейин мамлакатни биргаликда бошқарган.

Башир коррупция, совғаларни ноқонуний қабул қилиш ва чет эл валютасини сақлаш айбловлари билан икки йилга озодликдан маҳрум этилган. Унинг истеъфосидан кейин келишилган сиёсий ўзгариш натижасида 2023 йил охирида сайлов бўлиб ўтиши керак эди. 

Инқироз сентябрь ойида ал-Башир тарафдорларига тегишли давлат тўнтаришига уриниш билан авж олди. Октябрь ойида демократик кучларнинг мухолифлари Хартум кўчаларига чиқиб, армияни мамлакатни ўз назоратига олишни талаб қилди ва ўтган пайшанба куни пойтахтда ўн минглаб одамлар тинч ўтиш даври ҳукуматини қўллаб-қувватлашларини намойиш этди. 

Сўнгги ойларда Судан иқтисоди қийин аҳволда қолди ва муваққат ҳукуматни қўллаб-қувватлаш кескин камайди. 

Бу йил оммавий ахборот воситалари Судан ўз ҳудудида ал-Башир ҳукмронлиги даврида тузилган Россия ҳарбий-денгиз базасини жойлаштириш тўғрисидаги шартномани бекор қилгани ҳақида хабар тарқатди. Москва бу масала ҳал қилинмаганини ва битимни ратификация қилишдан бош тортиш ҳақидаги баёнотлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини билдирди.


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Судан инқилоб

Баҳолаганлар

64

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг