Судан Россия ҳарбий-денгиз базасини жойлаштиришдан бош тортди
Олам
−
19 Декабрь
3746Россия ўз ҳарбий-денгиз базасини Қизил денгиз соҳилида Суданда жойлаштириш уринишларидан воз кечмаяпти, бироқ бу мақсадга ҳали эриша олмади. Бу ҳақда кеча, 18 декабрь куни “The Moscow Times” хабар берди.
Нашрнинг Судан разведкаси ходимига таяниб ёзишича, Россия ҳарбий-денгиз базасини қуриш бўйича келишувга эришиш учун маҳаллий ҳокимиятга замонавий С-400 зенит-ракета мажмуасини таклиф қилган. Бироқ, бу таклиф Судан томонидан АҚШ ва бошқа Ғарб давлатларининг салбий муносабатига сабаб бўлишидан қўрқиб, рад этилган. Судан разведкачисининг сўзларини америкалик икки амалдор ҳам тасдиқлаган.
Янги ҳарбий-денгиз базасини қўлга киритиш Россия учун Суриядаги сўнгги воқеалар нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этмоқда, бу ерда ҳукмдор Башар Асаднинг ағдарилиши туфайли у бундай базадан маҳрум бўлиши мумкин. Шу билан бирга, фуқаролар уруши олиб бораётган, ҳукумати Кремль томонидан қўллаб-қувватланадиган Судан (яқингача Сурияда бўлгани каби) ҳали Москванинг хоҳиш-истакларини қондирмаган.
Бироқ, нашрнинг қайд этишича, мамлакатлар ўртасида Россия қуроллари ва нефть маҳсулотларини сотиб олиш бўйича келишув тузилган. Хусусан, етти ойлик танаффусдан сўнг ёқилғи етказиб бериш қайта тикланди: апрелдан октябргача Россия Суданга 2,8 миллион баррель дизель ва бензин экспорт қилди, бу Судан импортининг деярли ярмини ташкил этди.
Порт-Суданда Россия ҳарбий-денгиз флоти базасини қуриш масаласи 2019 йилда муҳокама қилинган ва давлатлар бу борада келишувга эришган эди. Аммо мамлакатда фуқаролар уруши бошланганидан кейин у ҳеч қачон ратификация қилинмаган. “The Moscow Times” таъкидлаганидек, дастлаб Россия “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси қўли орқали исёнчилар ҳаракатига ёрдам берган, аммо кейинчалик ҳукумат қўшинларини қўллаб-қувватлай бошлаган. 2024 йил февраль ойида Россиянинг Судандаги элчиси Андрей Черновол база қурилиши номаълум муддатга қолдирилганини айтди.
“Россияга пул ва Қизил денгизда ҳарбий-денгиз базаси керак, армия билан иттифоқ эса уларга қурол сотиш ва Порт-Суданда объектга эга бўлиш имкониятини англатади”, деган Conflict Observatory тадқиқотчиси Жастин Линч.
Ҳарбий эксперт Виктор Мураховскийга кўра, собиқ СССР давридан бери Африкада биринчи ҳарбий-денгиз базасини жойлаштириш орқали Россия Сувайш каналидан ўтадиган йўналишни назорат қилиши ва постсовет даврида йўқотилган Ҳинд океанида доимий мавжудлигини таъминлай олади.
Россия ҳарбий-денгиз кучлари учун Судан ҳудудида логистика марказини яратиш бўйича икки давлат ўртасидаги келишув 2020 йилда Африка давлатининг аввалги ҳукумати даврида тузилган. Унга кўра, ҳарбий-денгиз станцияси ходимларининг максимал сони 300 кишидан ошмайди. Судан ҳудудида бир вақтнинг ўзида тўрттадан ортиқ Россия кемаси бўлмаслиги керак.
Бунинг эвазига Россия Суданга қурол ва ҳарбий техника етказиб беришни бошлайди. Шартнома 25 йил муддатга тузилган. Бироқ шартнома ҳалигача ратификация қилинмаган.
Маълумот учун, 2019 йилда Суданда ҳарбий тўнтариш бўлиб ўтган ва мамлакат президенти Умар ал-Башир ҳокимиятдан ағдарилган. Мамлакатда ўтиш даври Суверен Кенгаши тузилди, унинг таркибига армия вакиллари ва Тезкор реакция кучларининг ҳарбийлаштирилган тузилмаси киритилди.
2021 йилнинг баҳорида Судан ҳукумати Россия билан келишувни парламент, Суверен Кенгаш ёки мамлакат ҳукумати тасдиқламагунча тўхтатиб қўйди. Орадан олти ой ўтиб, Судан Ташқи ишлар вазири ўринбосари Муҳаммад Шариф республика қонун чиқарувчи органлари шартномани ратификация қилиш учун ҳали етарли ваколатларга эга эмаслигини айтди.
2023 йилнинг февралида “Associated Press” агентлиги Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ташрифидан сўнг, Судан ҳукумати Россия билан келишувни қайта кўриб чиққани ва шундан бери ҳужжат ратификация қилинишини кутаётгани ҳақида хабар берди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Судан Ташқи ишлар вазири Али Содиқ Али РИА Новости'га берган интервьюсида мамлакат парламенти жорий йилда бўлиб ўтадиган сайловлардан сўнг мамлакатда Россия ҳарбий-денгиз базасини қуриш бўйича келишувни кўриб чиқишини маълум қилганди.
LiveБарчаси