Starlink’нинг орбитадаги сунъий йўлдошлари сони 10 мингдан ошди
Олам
−
09:04 718 2 дақиқа
Илон Маскнинг орбитадаги Starlink сунъий йўлдошлари сони 10 мингдан ошди. Бу ҳақда “Spaceflight Now” нашри хабар берди.
Аниқроқ айтганда, SpaceX компанияси жорий йил 17 мартга ўтар кечаси 25 та сунъий йўлдошдан иборат навбатдаги туркумни учирди. Бу жорий йил бошидан буён амалга оширилган 17-орбитал парвоз бўлди.
2026 йилда SpaceX парвозларининг ўртача частотаси ҳар икки-уч кунда бир мартани ташкил қилмоқда. Йил бошидан буён амалга оширилган 33 та Falcon 9 парвозининг аксарияти айнан Starlink қурилмаларини орбитага олиб чиқишга бағишланган.
Ҳозирда Starlink хизматидан дунёнинг 160 та мамлакатида 10 миллиондан ортиқ фаол мижоз фойдаланмоқда. Ушбу сунъий йўлдош тизими SpaceX томонидан бутун дунёни глобал интернет билан таъминлаш учун ишлаб чиқилмоқда.
Лойиҳа 2015 йилда эълон қилинган бўлиб, илк тижорий парвозлар 2019 йилда бошланган. Сунъий йўлдошлар ерга яқин (тахминан 550 км баландликдаги) орбитада жойлашган бўлиб, бу сигнал узатишдаги кечикишларнинг камлигини таъминлайди.
Фойдаланувчилар тармоққа махсус терминаллар орқали уланади, терминаллар эса автоматик равишда бир йўлдошдан иккинчисига ўтиб туради. Қурилмалар ўзаро маълумот алмашиш учун лазерли алоқа тизими ва орбитани тўғрилаш учун ионли двигателлар билан жиҳозланган. Битта аппаратнинг хизмат қилиш муддати тахминан беш йилни ташкил этади, шундан сўнг у орбитадан чиқарилиб, атмосферада ёниб кетади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Starlink сунъий йўлдош алоқа хизмати Тожикистонда ҳам ишга туширилаётгани ҳақида хабар берилганди. У бунга қадар Қозоғистонда мавжуд эди.