ССВ Тошкент шаҳар руҳий касалликлар клиник шифохонасида рўй берган ҳолат бўйича маълумот берди
Жамият
−
01 Май 2019
7196Соғлиқни сақлаш вазирлиги интернет сайтларида эълон қилинган Тошкент шаҳар руҳий касалликлар клиник шифохонасида рўй берган ҳолат бўйича маълумот берди.
Маълум бўлишича, 1994 йилда туғилган фуқаро И.А. Тошкент шаҳар руҳий касалликлар клиник шифохонасига жорий йилнинг 16 апрель куни соғлиғи юзасидан махсус психиатрия тез ёрдами машинаси орқали олиб келинган ва ўша куни шифохонага жойлаштирилган. Беморнинг руҳий ҳолатидаги ўзгаришлар туфайли унга атрофдагилар душмандек кўринган, шу сабабли у атрофдагилардан шубҳаланган ва безовта бўлган.
Руҳий ҳолатига кўра, беморга тегишли муолажалар қилиниши бошланган, шу қаторда тинчлантирувчи психотроп дори воситалари қўлланган. Қайд этиш лозимки, айрим дори воситалари организмни бўшаштиради, тинчлантиради ва уйқу чақиради.
Жорий йил 22 апрелда рўй берган видеотасвирдаги жараён юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳуқуқ-тартибот органлари билан биргаликда тезкор равишда хизмат текширувини бошлади.
Маълум бўлишича, шифохонада қонунийлик ва тартибни сақлаш мақсадида кузатув камералари ўрнатилган бўлиб, улар орқали туну-кун видеоёзув олиб борилади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарига кўра, агарда ходимлар томонидан беморларга нисбатан асоссиз куч ишлатиш, нафсониятга тегиш, қўпол муносабатда бўлиш ҳолатлари аниқланса, табиийки, тегишли қонуний чоралар кўрилади.