ССВ Дилбар Икромова номини коронавирусдан вафот этганлар рўйхатига киритди
Жамият
−
26 Август 2020
20039Хабарингиз бор, кеча, 25 август куни ўзбек театр ва кино санъатининг дарғаларидан бири, Ўзбек миллий академик драма театри актрисаси, Ўзбекистон халқ артисти Дилбар Икромова 73 ёшида вафот этди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирус билан боғлиқ навбатдаги статистик маълумотларда Дилбар Икромова номини ушбу хасталикдан вафот этган беморлар қаторига киритди.
QALAMPIR.UZ ишончли манбаларининг қайд этишича, Икромова бундан бир ой аввал коронавирусга чалинган. Актрисада хасталик оғир кечган. У аввалига Зангиота туманида жойлашгган шифохонанинг Жонлантириш бўлимига ётқизилган. Икромованинг аҳволи ўнгланмай, оғирлашавергач, 4 август куни пойтахтдаги нуфузли хусусий шифохонага олиб ўтилган. 21 куни Жонлантириш бўлимида ётган Дилбар Икромова жорий йилнинг 25 август куни вафот этди.
Дилбар Икромова 1947 йилнинг 17 июль куни Тошкент вилояти, Бекобод шаҳрида таваллуд топган. 1970 йилда собиқ Театр ва рассомчилик санъати институтини тамомлаган.
Актриса талабалик йилларидаёқ Ҳамза номидаги театрда саҳналаштирилган “Бой ила хизматчи” спектаклидаги Мастон ролини ижро этади. Бу ролни қойилмақом қилиб ўйнаган ёш актрисанинг иқтидорини сезган машҳур режиссёр Тўла Хўжаев Дилбар Икромовани ўқишни битириши билан театрга ишга таклиф қилади. Дастлабки ижросининг муваффақиятли чиқишидан руҳланган ёш актриса ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театрида саҳнага қўйилган спектаклларда бирин-кетин Зубаржат (М.Карим, “Ой тутилган тунда”), Озода (И.Султон, “Имон”), Роллер (Шекспир, “Қароқчилар”), Фекла Ивановна (Н.Гоголь, “Уйланиш”), Дилором (Э.Воҳидов, “Олтин девор”), Рисолат (С.Аҳмад, “Уфқ”), Нигора (С.Аҳмад, “Келинлар қўзғалони”), Она (А.Қодирий, “Меҳробдан чаён”), ҳамшира (Ў.Умарбеков, “Қиёмат қарз”), Момо (Э.Хушвақтов, “Чимилдиқ”), Момо (Э.Хушвақтов, “Каллиқ ўйин”) каби ролларни маромига етказиб ижро этиб, томошабинларнинг эътиборини қозонди.
Театр санъатида ўз ижодий қиёфасига эга бўлиб, кўпчиликнинг назарига тушиши ортидан Дилбар Икромовани 80 йиллардан бошлаб кинога ҳам таклиф этишади. Киносценарист Эдуард Акопов ёзувчи Саид Аҳмаднинг “Келинлар қўзғолони” комедияси асосида киносценарий ёзади. Ана шу сценарий асосида кинорежиссёр М.Абзалов 1984 йилда “Келинлар қўзғолони” бадиий фильмини суратга олиб, Сотти ролига Дилбар Икромовани таклиф этади. Актриса Сотти ролини маромига етказиб ижро этади. Сўнгра у “Ўзбекфильм” киностудиясида суратга олинган фильмларда Телба аёл (З.Мусоқов, “Қалдирғоч”), Она (С.Назармуҳамедов, “Ёлғиз ёдгорим”), Она (С.Назармуҳамедов, “Чаёнгул”), Момо (М.Абзалов, “Чимилдиқ”), Полвон (М.Абзалов, “Қариб қуюлмаган”), Она (Мин Денг Хун, “Йиғлама, бари яхши”) ҳамда Р.Муҳаммаджоновнинг “Олтин девор”, И.Эргашевнинг “Ўғриям одам”, “Шариф ва Маъриф”, “Катта жанжал” филъмларидаги ролларни муваффақиятли ижро этади.
Ўзбекистон телевидениесида суратга олинган “Қутлуғ қон”, “Баҳор қайтмайди”, “Очилган қўриқ” ва бошқа видеофильмларда яратилган ҳаётий образлар, республика радиосида тайёрланган радиоспектакль, радиоинсценировкаларда ижро этилган роллар актрисанинг телевидение ва радиодаги кўп йиллик ижодининг маҳсулидир.
Дилбар Икромованинг серқирра ижодий меҳнати муносиб тақдирланди. 1996 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, 2001 йилда Ўзбекистон халқ артисти унвонлари билан тақдирланган. 2014 йилда "Меҳнат шуҳрати" ордени билан тақдирланган.
LiveБарчаси