ССВ 2021 йилгача Damas автомобилларидан буткул воз кечмоқчи
Жамият
−
27 Ноябрь 2019
58622021 йилгача Ўзбекистонда шошилинч ва тез тиббий ёрдам кўрсатиш хизматида Damas автомашиналаридан тўлиқ воз кечилиб, халқаро андазалар даражасида жиҳозланган замонавий тиббий ёрдам машиналарига ўтилади. 2019 йил якунига қадар барча тез ёрдам машиналарида қулай алоқани, чақириқлар учун машинани тезкор йўналтиришни таъминловчи GPS тизимини тўлиқ йўлга қўйиш белгиланган.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан аҳолига шошилинч ва тез тиббий ёрдам кўрсатишнинг бугунги ҳолати, ютуқлар ва муаммоларга бағишлаб ташкил этилган матбуот анжуманида қайд этилди.
Унда қайд этилишича, тез тиббий ёрдам хизматига мурожаатлар йил сайин ортмоқда. Масалан, таққослаш учун айтадиган бўлсак, 2016 йилда чақириқлар сони 7,2 миллионни ташкил қилган бўлса, жорий йилнинг ўтган даврида эса мурожаатлар сони тўққиз миллиондан ошган.
Шу билан бирга, шошилинч тиббий ёрдам хизматининг стационар муассасаларига ҳам мурожаатлар кўпаймоқда. Жумладан, 2017-2019 йилларда ушбу шифо масканларига 7,5 миллиондан зиёд бемор мурожаат қилган. Улардан 2,5 миллион нафари стационар, 5 миллиондан ортиғи эса амбулатор тиббий ёрдамдан баҳраманд бўлганган. Стационарда даволанган беморларнинг 500 мингдан ортиғига юқори технологияли хирургик амалиётлар бажарилган.
Маълумот учун, бугунги кунда тизимда икки ярим мингга яқин “Nissan “Hunday”, “Toyota” русумли ва бошқа замонавий тез ёрдам машиналари аҳолига хизмат кўрсатмоқда.