СССРнинг сўнгги бош вазири вафот этди
Олам
−
28 Февраль
14668Собиқ совет социалистик республикалари иттифоқининг Вазирлар Кенгаши раиси, собиқ сенатор Николай Рижков 94 ёшида вафот этди. Бу ҳақда бугун, 28 февраль куни Россия Федерация кенгаши раиси Валентина Матвиенко маълум қилди.
"Ажойиб ва беназир инсон – Николай Иванович Рижков оламдан ўтди. Давр одами. Бетакрор тақдирли инсон ва ноёб давлат арбоби. Ва буюк қалб эгаси", деб ёзган Матвиенко ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Унинг таъкидлашича, бу фазилатлар Рижков бажарган ва унга алоқадор бўлган ҳамма нарсада намоён бўлган.
"Ўз йўлининг барча босқичларида – заводдан Давлат план қўмитаси ва СССР Вазирлар Совети раҳбариятигача у аниқ меҳнат одами эди. Ва у ўз меҳнати билан муҳаббат, обрў ва ҳурматга сазовор бўлган. Албатта, у тарихда муносиб ўрин эгаллайди", деган Федерация кенгаши раиси.
Маълумот учун, Николай Рижков 1929 йил 28 сентябрда Донецк вилоятида кончи оиласида туғилган. Краматорск машинасозлик техникумини тамомлагач, Екатеринбургдаги “Уралмаш” машинасозлик корхонасига юборилади ва роппа-роса чорак аср ишлаб, бош директор лавозимигача кўтарилади.
1975-1982 йилларда Транспорт техникаси вазирининг биринчи ўринбосари, Давлат план қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган.
Худди Михаил Горбачев, Егор Лигачев ва Борис Елцин каби Рижков ҳам СССР Олий Совети Президиумининг Раиси Юрий Андроповнинг эътиборига тушади. 1982 йил 22 ноябрда, Леонид Брежнев вафотидан 12 кун ўтгач, Рижков КПСС Марказий Қўмитасининг котиби этиб сайланади, бир вақтнинг ўзида Марказий Комитетнинг янги ташкил этилган Иқтисодиёт бўлимига раҳбарлик қилади.
1985 йил 15 октябрда у Вазирлар Кенгашининг Раиси этиб тайинланади ва шу тариқа иттифоқдаги иккинчи шахсга айланади.
Иттифоқ парчаланиб, Президент Кенгашидаги ўрнини йўқотгандан сўнг, у Россия Совет Федератив Социалистик Республикаси (РСФСР) 1991 йилги президентлик сайловларида Борис Елциннинг асосий рақиби бўлади. 1995 йил декабрь ойида мустақил равишда Россия Федерацияси Давлат Думасига сайланган Рижков кейинчалик "Халқ учун куч" блокини бошқарган ва унинг норасмий раҳбари бўлган Геннадий Зюганов билан бирга Россия Халқ Ватанпарварлик Иттифоқининг расмий раҳбари бўлган. 2003 йил 17 сентябрда у Думадаги ўрнини тарк этади ва Федерация Кенгаши аъзоси бўлади. Собиқ вазир 2023 йилда нафақага чиққунга қадар ушбу лавозимни эгаллаб келган. Қрим инқирози туфайли у 2014 йилда Канада, Швейцария ва АҚШ томонидан санкцияга учраган.
Эслатиб ўтамиз, СССРнинг биринчи ва охирги президенти Михаил Горбачёв 2022 йилнинг 30 август куни 92 ёшида вафот этган эди.
LiveБарчаси