СССР қирувчи самолёти АҚШда ҳалокатга учради (видео)
Олам
−
14 Август 2023
13882АҚШнинг Мичиган штатидаги авиашоуда Совет Иттифоқида ишлаб чиқарилган МиГ-23 қирувчи самолёти ҳалокатга учради. Учувчи ва иккинчи экипаж аъзоси катапулта қилинди. Бу ҳақда Детройт халқаро аэропорти сайти хабар тарқатди.
Ҳалокат кеча, 13 август куни маҳаллий вақт билан тахминан 16:00 да юз берган. Қирувчи Детройт яқинидаги Беллевил шаҳридаги турар-жой мажмуаси автотураргоҳига бориб урилган. Оқибатда бир нечта машина шикастланган.
Учувчи ва иккинчи экипаж аъзоси эҳтиёт чораси сифатида шифохонага ётқизилган. Улар жиддий жароҳат олмаган. Бошқа ҳеч ким жабрланмаган.
Ҳозирда АҚШ Федерал Авиация бошқармаси тергов ишларини олиб бормоқда. Ҳалокатнинг эҳтимолий сабаблари ҳозирча номаълум.
Маълумот учун, МиГ-23 ўзгарувчан қанот геометриясига эга кўп мақсадли қирувчи самолёт ҳисобланади. У 1969 йилда фойдаланишга топширилган, 1985 йилда оммавий ишлаб чиқариш тўхтатилган. Самолётлар Афғонистон, Жазоир, Ангола, Болгария, Куба, Чехословакия, Германия, Миср, Ливия, Венгрия, Ироқ, Ҳиндистон, Шимолий Корея, Эфиопия, Жанубий Яман, Польша, Сурия ва Вьетнамга экспорт қилинган.