Интернетдаги даҳанаки ”жанг” – Спорт дайжести
Спорт
−
30 Июль 2023
7786Ассалому алайкум. Ортда қолаётган ҳафта ўзбек футболи учун муҳим янгиликларга бой бўлди. Миллий терма жамоа аъзоси Элдор Шомуродовнинг янги клуби аниқ бўлди. Ўзбекистонлик UFC жангчиси Маҳмуд Муродов фаолиятидаги навбатдаги жангида ғалаба қозониб, яхшигина гонарар ишлаб олди, Нурсултон Рўзибоев эса бўлажак рақиби билан интернет оламдида треш-токингни бошлаб юборди. Боксчи Шоҳжаҳон Эргашев ва халқаро бокс федерацияси (IBF) камари соҳиби пуэрто-риколик Сабриел Матиаснинг треш-токинглари борган сари авж олмоқда. Ишоравий ҳақоратлар ҳозирга келиб, мемлар кўринишида ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Шу ва бошқа хабарлар билан QALAMPIR.UZ’да спорт дайжести.
Муродов UFC’даги жангида ғалаба қозонди
Лондон шаҳрида ўтказилган UFC Fight Night турнири доирасида ўзбекистонлик спортчи Маҳмуд Муродов америкалик Браян Барберанани мағлуб этиб, 71 минг доллар ишлаб олди.
Манбага кўра, ўзбекистонлик спортчига 33 минг доллар кафолатланган гонорар сифатида тақдим этилган. Яна 33 минг доллар ғалаба учун, 5 минг доллар эса ҳомийлар томонидан берилган.
Муродов мағлубиятга учратган жангчи Браян Барберана эса 222 минг доллар олган. Америкалик жангчи 9 йилдан буён UFC'да фаолият юритаётганлиги сабабли мағлубиятга учраган бўлса ҳам, рақибидан кўпроқ фойда қилди.
Фаолияти давомида Барберена Леон Эдвардс, Колби Ковингтон, Робби Лоулер, Рафаэль Дос Аньос каби таниқли жангчиларга қарши октагонга кўтарилган.
Рўзибоев, Муродов ва Барральо треш-токинги
Жорий йилнинг 4 ноябрь куни Нурсултон Рўзибоевга қарши жанг қилиши кутилаётган бразилиялик UFC жангчиси Кайо Борральо Тwitter саҳифаси орқали ўзбекистонлик мухлислар ва бўлажак рақибига мурожаат қилди.
“Ўзбекистонлик мухлислар, ўзингизни босинг. Мен ҳали ҳам сизларни жуда ҳурмат қиламан, аммо ўша куни жангчингизни “синдириб” ташлайман”, деди у.
Ўз навбатида Рўзибоев ҳам Барральонинг гап-сўзларини жавобсиз қолдирмади.
“Кўп гап эшакка юк. Ҳаммасини жангда ҳал қиламиз”, дейди Нурсултон Рўзибоев Twitterdagi sahifasida.
Шунингдек, Борральо навбатдаги постида 22 июль куни UFC'нинг Лондонда ташкил этилган мусобақасида Брайан Барберенага курашда ҳеч қандай имкон қолдирмаган ва мағлубиятга учратган Маҳмуд Муродовни ҳам устидан кулган.
“Мен Муродовни яхшигина курашчига айлантириб қўйибманку”, деган Борральо.
Гап шундаки, 2022 йилнинг 22 октябрь куни Абу-Дабида бўлиб ўтган UFC 280 турнирида Маҳмуд Муродов айнан Кайо Борральога қарши жанг ўтказиб, тўлиқ давом этган баҳсда ҳакамларнинг қарори билан мағлубиятга учраган эди. Мазкур жангда Борральо Ўзбекистон вакилини курашдаги устунлиги орқали мағлуб этганди.
Шундан сўнг, ижтимоий тармоқларда Маҳмуд Муродовнинг курашдаги муаммолари мухлислари томонидан кенг муҳокама қилинган.
У Барберена устидан қозонилган ғалабани қуйидагича изоҳлади.
“Айрим мухлислар менинг курашим йўқ эканини айтганди. Бу жангда мен курашимни кўрсатдим. Бу сафар “стойка”да жанг қилмасдан ҳам ғалаба қозондим”, дейди Муродов.
Маълумот учун, Рўзибоев бунга қадар 43 марта октагонга кўтарилиб, 35 та жангида ғалаба қозонган, 8 та баҳсда эса рақибларига имкониятни бой берган.
Унинг UFC'даги натижаси 1-0 ва Рўзибоев ҳам промоушендаги илк жангида бразилиялик ММА'чи Бруно Феррейра билан жанг қилиб, уни нокаутга учратган эди. Кайо Борральо эса фаолияти давомида 15 та жангда қатнашиб, 14 марта ғалабага эришган ва 1 марта имкониятни бой берган. Борральо UFC'да 4 та жанг ўтказган ва барчасида ғалаба қозонган.
Ҳа айганча бир неча кун QALAMPIR.UZ’нинг YouTube саҳифасига Нурсултон Рўзибоевнинг билан қилинган интервью жойланди. Интервьюни томоша қилиб спортчи билан боғлиқ кўпгина саволларингизга жавоб олишингиз мумкин.
Гусков Ўзбекистонни танлади
Яқиндагина UFC жангчисига айланган ўзбекистонлик Богдан Гусков промоушенда Ўзбекистон байроғи остида жанг қиладиган бўлди. Чунки, ташкилотда икки байроқ остида жанг қилиш мумкин эмас. Бу ҳақда спортчи “Ушатайка” каналига берган интервьюсида айтиб ўтди.
“Мен Ўзбекистон фуқаросиман. 20 йил Ўзбекистонда яшаганман. Ҳозир 2 та паспортим бор. Иккинчи паспортим Россияники, бироқ UFC'да 2 та давлат номидан иштирок этиб бўлмайди. Шунинг учун Ўзбекистонни танладим”, дейди Гусков.
Маълумот ўрнида, Гусков 18 июль куни ташкилотнинг “Roster Watch” саҳифасида расман UFC жангчиси деб эълон қилинди. 30 ёшли MMA устаси ташкилотдаги илк жангини жорий йилнинг 2 сентябрь куни Франциянинг Париж шаҳрида бўлиб ўтадиган UFC Fight Night турнирида ўтказади. Ўша куни унга ким рақиблик қилиши ҳозирча номаълум.
Таъкидлаш жоиз, UFC'да Гусковдан ташқари яна икки нафар Ўзбекистон вакили фаолият юритади. Улардан бири Нурсултон Рўзибоев июнь ойида UFC'га ўтган бўлса, Маҳмуд Муродов 2019 йилдан буён ташкилот турнирларида иштирок этиб келади.
Осиё ўйинлари: Ўзбек футболчиларининг рақиблари аниқ
Шу йилнинг 23 сентябридан 8 октябрига қадар Хитойнинг Ханчжоу шаҳри мезбонлик қиладиган Осиё ўйинларининг футбол мусобақасига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди.
Қуръа натижаларига кўра, эркаклар ўртасида Темур Кападзе мураббийлигидаги Ўзбекистон Олимпия жамоаси “C” гуруҳидан жой олди. Ўзбекистонлик футболчиларга гуруҳ босқичида Сурия, Гонконг ва Афғонистон вакиллари рақиблик қилади.
Аёллар ўртасидаги баҳсларнинг гуруҳ босқичида эса Ўзбекистон мезбон – Хитой ва Мўғулистон жамоаларига қарши баҳс олиб боради.
Осиё ўйинларининг футбол баҳслари мусобақа расмий очилиш маросимидан тўрт кун аввал, яъни, 19 сентябрда старт олади. 7 октябрь куни эса мусобақа ғолиблари маълум бўлади.
ЖЧ-2026 йўлида Эрон Ўзбекистонга рақиблик қилади
Футбол бўйича 2026 йилги Жаҳон чемпионати ва 2027 йилги Осиё кубоги мусобақаларининг 2-қўшма саралаш босқичига қуръа ташланди.
Қуръага кўра, Ўзбекистон миллий терма жамоаси “E” гуруҳидан жой олди. Гуруҳда Сречко Катанец шогирдларига Эрон ва Туркманистон жамоалари рақиблик қилади. Гуруҳдаги яна бир жамоа номи 1-саралаш босқичида, яъни Гонконг ва Бутан терма жамоалари ўртасидаги баҳсда маълум бўлади.
Осиё қитъасида саралаш баҳслари шу йилнинг октябридан 2025 йилнинг ноябрь ойигача бўлиб ўтади.
Ўзбекистон терма жамоаси гуруҳдаги дастлабки учрашувини шу йилнинг 16 ноябрь куни сафарда Туркманистонга қарши ўтказади. 21 ноябрь куни эса Эрон Ўзбекистонга келади.
Европада ўзбек футболчилари кўпаймоқда
Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Абдуқодир Ҳусанов Франциянинг “Ланс” жамоасига кўчиб ўтди. Бу ҳақда клубнинг расмий саҳифасида маълум қилинди.
Унга кўра, 24 июль куни 19 ёшли Абдуқодир Ҳусанов Франция вице-чемпиони ҳисобланган “Ланс” клуби билан 2027 йилнинг 30 июнигача мўлжалланган 4 йиллик шартнома имзолаган. Ҳусанов эндиликда Франция чемпионатида ўйнайдиган биринчи ўзбекистонлик футболчига айланади. У жамоа таркибида 25-рақам остида тўп тепади.
Маълумот учун, “Ланс” ўтган мавсум Франция чемпионатида иккинчи ўринни олган ва янги мавсумда Европа Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичида иштирок этади.
Шомуродовнинг янги клуби маълум бўлди
27 июль куни Италиянинг “Кальяри“ клуби Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродовни ўз сафига қўшиб олди. Бу ҳақда клуб расмий сайтида хабар берилди.
Қайд этилишича, “Кальяри“ ўзбекистонлик 29 ёшли ҳужумчини 9 миллион евро эвазига, кейинчалик сотиб олиш ҳуқуқи билан бир йилга ижарага олди.
Маълумот учун, “Кальяри“ клуби италиялик таниқли мутахассис Клаудио Раньери жамоага келгунига қадар B Серияда 14-ўринда бораётган эди. 71 ёшли мураббий Сардиния ороли жамоасини ярим йил ичида пешқадамлар қаторига кўтариб, мавсум якунида плей-офф орқали А Серияга олиб чиқишга муваффақ бўлди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Кальяри“ Рим клубига Шомуродовнинг бир йиллик ижараси учун 1 миллион евро тўлаши ва 2024 йилнинг ёзида уни 9 миллион еврога сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлиши ҳақида хабар берилган эди. Мазкур шартнома “1+3“ кўринишида имзоланади. Эндиликда фаолиятини ижара асосида давом эттирадиган ўзбекистонликнинг ярим маошини “Кальяри“ тўласа, қолган 50 фоизини “Рома“ тўлаб боради.
Эргашев ва Матиас треш-токинги авж олмоқда
Бокс бўйича супер енгил вазн тоифасида чемпионлик камари соҳиби пуэрто-риколик Сабриель Матиас ўзбекистонлик Шоҳжаҳон Эргашевга қарши ҳимоя жанги тезроқ ўтказилишини истамоқда.
Шу муносабат билан Матиас ўз Instagram саҳифасида Эргашевнинг промоутерига қарата ўзига хос мем эълон қилди.
“Салита, шартномани имзоланг. Имзо чекмасангиз катта рақамлар сўраётган “хўрозингизга” ишонмаётган бўласиз. Қўрқманг ва шартномага қўл қўйинг”, дейди Матиас.
Ўз навбатида Эргашев ҳам Матиас томонидан жўнатилган мемни жавобсиз қолдирмади.
“Мана шу эшик ортида мағлубиятинг сени интиқлик билан кутмоқда”, дейди Эргашев.
Бироз вақт ўтгач Эргашев ҳам Матиасга қарататилган ўзбекона мемни Инстаграмига жойлади.
Эслатиб ўтамиз, Эргашев ва Матиас ўртасидаги треш-токинг июль ойининг ўрталарида бошланганди. Сабриэль Матиас Instagram саҳифасига Эргашевнинг профбоксдаги натижалари билан боғлиқ пост жойлаб, унга ҳақоратловчи изоҳ қолдирганди. Шоҳжаҳон Эргашев рақибига барчасини жангда узил-кесил ҳал қилиш таклифини берди.
Қозоғистонлик собиқ жаҳон чемпионига жиноят иши қўзғатилди
Қозоғистоннинг Остона шаҳрида бокс бўйича собиқ жаҳон чемпиони Бейбут Шуменов қўлида боласи бор эркак билан муштлашиб қолган эди. Унга нисбатан жорий йилнинг 22 июль куни расман қидирув эълон қилинди. Бу ҳақда мамлакат Ҳуқуқий статистика портали ва махсус бухгалтерия агентлиги хабар берди.
Манбага кўра, 18 июль куни содир бўлган ҳолат дастлаб расмийлар томонидан эътиборсиз қолдирилган. Бироқ ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиб, кўплаб мунозараларга сабаб бўлгач, маҳаллий полиция Шуменовга нисбатан жиноят иши қўзғатган. Бунга асли Қирғизистон фуқароси бўлган жабрланувчининг ўзи боксчини жиноий жавобгарликка тортишни талаб қилгани сабаб бўлган.
Шу билан бирга, Қозоғистон болалар Омбудсмани Динора Закиева Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилиб, боксчини Жиноят кодексининг 115-моддаси (таҳдид) бўйича жавобгарликка тортишни сўраган. Вазирликнинг маълум қилишича, Шуменовга нисбатан ЖКнинг 293-моддаси (безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, унда 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган. Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги мазкур тергов жараёнини ўз назоратига олгани айтилмоқда.
Маълумот учун, Бейбут Шуменов бокс бўйича WBА йўналишида собиқ жаҳон чемпиони ҳисобланади. У 2016 йилда икки вазн тоифасида жаҳон чемпиони бўлган биринчи қозоғистонлик боксчи сифатида тарихга кирган. Аммо 2019 йилда WBА Шуменовни жаҳон чемпиони унвонидан расман маҳрум қилган.
Ҳижобсиз шахмат ўйнаган эронлик қизга Испания фуқаролиги берилди
2022 йилнинг декабрь ойида Қозоғистонда бўлиб ўтган шахмат бўйича Жаҳон чемпионатида ҳижобсиз иштирок этган эронлик шахматчи Сара Хадемга Испаниянинг фахрий фуқаролиги берилди. Бу ҳақда мамлакат Адлия вазирлигига таяниб, CNN хабар берди.
Маълум қилинишича, кеча, 26 июль куни 26 ёшли машҳур эронлик гроссмейстер Сара Хадем (Сарасадат Хадемалшариеҳ)га расман Испания фуқаролиги берилган. У ўтган йили Олмаота шаҳри мезбонлик қилган шахматнинг рапид ва блиц йўналишлари бўйича Жаҳон чемпионатидаги иштирокидан кейин Испанияда яшаб келаётган эди.
Гап шундаки, Хадем мусобақа давомида Эрон ҳукуматининг мамлакатда хотин-қизларнинг ҳижоб ўраши юзасидан киритган мажбуриятларига қарши норозилик фонида бошяланг ҳолатда баҳсларга киришган. Шундан сўнг, Эрон шахмат федерацияси Хадемдан юз ўгирган.
“Хадем чемпионатга Эрон федерацияси орқали эмас, балки мустақил, ўз ҳисобидан борди. У бизнинг мамлакатимизга вакиллик қилмайди”, деган Эрон шахмат федерацияси раҳбари Ҳасан Таминий.
Кейинчалик Сарасадат Хадемнинг Олмаотада бўлиб турган вақтида номаълум шахслар томонидан таъқибга учрагани ҳақида ҳам хабарлар тарқалди.
Маълумот учун, Сара Хадем гроссмейстер унвонига эга бўлиб, Халқаро шахмат федерацияси сайтидаги рейтингида 771-ўринда, Эронда эса 9-ўринда туради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сара Хадем Мадридда Испания Бош вазири Педро Санчес билан учрашгани ва у билан дўстона суҳбатга киришиб, биргаликда шахмат ўйнагани ҳақида хабар берилган эди. Мазкур учрашувда гроссмейстер бош вазирни мағлуб этишга ҳам муваффақ бўлган.