SpaceX’нинг минглаб ходимлари миллионерга айланиши мумкин
Олам
−
13 Июнь 1572 2 дақиқа
SpaceX акциялари савдоси билан шуғулланган инвестиция платформасининг маълум қилишича, компаниянинг 4400 нафар ходими муваффақиятли IPO’дан сўнг миллионерга айланади. Бу ҳақда “The New York Times” хабар берди.
Қайд этилишича, Сан-Францискодаги SpaceX акциялари савдоси билан шуғулланувчи “Hill.com” инвестиция платформаси NYT журналистларига Илон Маскнинг SpaceX компаниясининг минглаб ходимлари муваффақиятли IPO жойлаштирувидан сўнг миллионерга айланишини айтган.
Платформа таҳлилларига кўра, SpaceX’нинг 4400 нафардан ортиқ ҳозирги ва собиқ ходимлари IPO’дан кейин катта эҳтимол билан миллионерга айланади. Улардан 400 нафарга яқини 100 миллион доллар ёки ундан кўпроқ маблағ ишлаб олиши кутилмоқда.
“Одатда кўплаб IPO жараёнларида фақат компания асосчиларигина миллиардерга айланишади. Бир йўла 400 кишининг 100 миллион долларлик чегарага етиши жуда кам учрайдиган ҳодиса. Бу мазкур ерда улкан бойлик яратилаётганидан далолат беради”, дейди инвестиция платформаси асосчиси Эндрю Бенсон.
SpaceX вакиллари журналистларнинг ушбу масала юзасидан сўровларига жавоб қайтармаган.
Эслатиб ўтамиз, куни кеча SpaceX’нинг IPO’си Илон Маскни триллионер мақомига олиб чиқиши маълум бўлган эди – компания ўз акциялари нархини бир дона акция учун 135 доллар даражасида эълон қилди.
Live
Барчаси