“Соя флоти” яна нишонда: Украина бир кечада 15 та кемага зарба берди
Олам
−
13 июл 3805 2 дақиқа
Бугун, 13 июлга ўтар кечаси Украина Россиянинг “соя флоти”га тегишли 15 та кемага зарба берди. Бу ҳақда “Ukrinform” хабар берди.
Украина Қуролли кучларининг Учувчисиз тизимлар кучлари қўмондони Роберт Мадяр Бровдининг айтишича, зарба берилган кемалар орасида 7 та нефть танкери, 5 та қуруқ юк кемаси, 1 та паром ва 2 та буксир бор.
Бровдига кўра, жорий йилнинг 6–13 июль кунлари давомида Россиянинг “соя флоти”га тегишли жами 105 та кемага самарали зарбалар берилган.
Шунингдек, жорий йилнинг 12–13 июль кунлари вақтинча босиб олинган Қрим ва Украинанинг Россия назоратидаги бошқа ҳудудларида турли қувватга эга 9 та электр подстанцияси ҳамда Россиядан Қримга электр энергияси узатувчи Кубань–Қрим электр кўпригининг “Қрим” стратегик узатиш пунктига зарба берилган. Мазкур узатиш пункти сўнгги 48 соат ичида иккинчи бор ҳужумга учраган.
Бундан ташқари, Россиянинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимининг 4 та элементи, жумладан, С-400 “Триумф” зенит-ракета мажмуаси, “Тор” ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ва иккита радиолокация мажмуаси йўқ қилингани билдирилган.
Украина томонининг маълум қилишича, сўнгги 24 соат ичида Учувчисиз тизимлар кучлари фронтнинг тактик чуқурлиги бўйлаб 1 725 та нишонга зарба берган. Россия томони ҳозирча ушбу маълумотлар юзасидан расмий изоҳ бермаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Азов денгизида Россиянинг “соя флоти”га тегишли 28 та кемага зарба берган эди.
Live
Барчаси