Совуқдан музлаб ўляпмиз — Тошлоқ тумани аҳолиси газ ва электр сўраб бош кўтарди (видео)
Жамият
−
24 Ноябрь 2020
16293Ўзбекистонда куз-қиш мавсуми бошланиши билан чекка ҳудудлардаги аҳоли орасида табиий газ ва электр токи муаммолари бошланиб кетади. Хусусан, ижтимоий тармоқларда ҳам электр токи ва газ йўқлигидан норозилик билдиришлар давом этмоқда. Бизнинг қўлимизга етиб келган навбатдаги норозилик ҳаракатлари акс этган видеолавҳалардан бири Фарғона вилояти Тошлоқ туманида тасвирга олингани айтилмоқда. Унда туманнинг “Дўстлик” МФЙ аҳолиси газ умуман йўқлиги, электр энергияси суткада бир соат берилишини айтиб, норозилик билдирган.
“Юрагимдан операция бўлганман, ногиронман. Қийналяпмиз ростдан. На ёрдам беради булар, на газни ёқиб беради. Эртага газнинг пулига келади, уйнинг пулини тўлаш керак. Янги ҳаёт кўчаси 36-уй, ҳамма ногирон”, дея ногирон аёл ўз дардини айтган.
Шунингдек, яна бир аёл ўз муаммоларини айтар экан, фарзандлари онлайн ўқишини, лекин электр токи ва газ йўқлигини, ҳатто, овқат ҳам қила олмаётганини таъкидлаган.
“Биз “Дўстлик”данмиз, газ ҳам, “свет” ҳам йўқ. Дадамнинг оёғи синган, инвалид. болам бор уйда, қариялар бор. Кириб кўринглар уйга. Совуқдан музлаб ўляпмиз”, дейди воқеа иштирокчиси бўлган аёл.
Норози аҳоли электр токи бир суткада бир соат берилаётганини айтиб, нолимоқда. Айрим аёллар уйда фарзандлари касаллиги, совуқдан ҳамманинг боласи касал бўлиб, шифохонага қатнаётгани айтишган.
“Свет ўчиқ, бир қўшнимнинг уч яшар боласи овқат қилинаётган пайт, урилиб кетиб, куйиб кетди. Ҳозир шифохонада, ёғи чиқиб кетган”, дея ачиниб гапирди норози аёллардан бири.
Аҳоли, шунингдек, туман ҳокими билан уч кун аввал гаплашгани, ҳоким эса “хўп, хўп” деганча, йўқ бўлиб кетганини айтади. Видеолавҳада аёлларнинг ҳокимдан хафсаласи пир бўлганини кўриш мумкин.
“Бир кун чиқиб, аҳолини эшитсин, аҳолини ҳам тушунсин, бизнинг уйимизга киринглар, инсонлар! Раҳминглар келсин, учтадан болаларимиз бор”, дейди яна бир аёл.
Видео қаҳрамонларининг ҳаммаси бараварига бундай муаммоларни айтаётганини кўриб, улар анча пайтдан бери чидаб келаётган муаммолардан сабр косаси тўлганини билиш мумкин.
“Свет” ёнса, сув келади. Вой, сув келди, сув олиб қўяйлик, дегунимизча, “свет” ўчяпти. Шу билан сув ҳам ўчади. Газ йўқ! Умуман йўқ! Метан заправкаларни қуриб ташлаган қаторлатиб. Видеони ўчирманглар, илтимос. Етиб борсин. Биз ахир уларни сайлаяпмиз, инсонлар. Сайлаган одамларимиз қаерда?”, дейди аҳоли вакиллари.
Ушбу видео бўйича ҳали ҳеч қайси ташкилот расмий муносабат билдирмади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 20 ноябрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг 9-ялпи мажлисида сенатор Фармон Тошев ҳудудларда электр энергияси ўчиши билан боғлиқ муаммоларни санаб, бу бўйича Сенат раиси Танзила Норбоевага юзланганди.
“Мана ҳозир интернетни очиб қаранг, ҳамма жойда битта шикоят: электр йўқ, ўчган. Биз ҳозир Сенатнинг йиғилишида шунга эътибор қилмасак, ҳозир гапирмасак, у идоранинг одамлари гапирадиганга ўхшамайди. Нима учун кўп гапларни халққа олдинроқ айтиш мумкин эмас? Нима учун графикни ишлаб чиқиш мумкинмас?”, деган эди сенатор Фармон Тошев.
Шундан сўнг Танзила Норбоева ушбу муаммолар бўйича Сенатнинг тегишли мутасаддиларига бир қатор топшириқлар берган. Муҳокамадаги масалалар навбатдаги ялпи мажлисни кутиб ўтирмасдан, қўмита мажлисида яна кўриб чиқилиши ва бу масалалар бўйича Президентга ахборот берилишини таъкидлаган.
Умиджон Нозимжонов
LiveБарчаси