“Нега халққа олдинроқ айтиш мумкин эмас?” – Сенат мажлисида жойлардаги электр токи муаммоси кўтарилди
Жамият
−
20 Ноябрь 2020
9139Куз-қиш мавсуми келди дегунча, Ўзбекистоннинг чекка ҳудудларида газ ва электр энергияси етишмовчилиги кун тартибига чиқади. Айниқса, қишлоқ жойларда куннинг совуғида электр ва газнинг ўчирилиши, одамлар ўтин, кўмир ва таппи ёқиб, исиниши, рўзғор тебратиши, ош-овқатни ҳам газда эмас, юқорида саналганларда пишириши одатга айланган. Баъзан газнинг ярим тунда туйқусдан ўчиши ёки газ йўқ хонадонлар уйни иситиш учун кўмир ёқиши оқибатида ис газидан заҳарланиш ҳолатлари учраши, уларнинг айримлари аянчли якун топиши ҳам сир эмас.
Бугун, 20 ноябрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг 9-ялпи мажлисида сенатор Фармон Тошев ҳудудларда электр энергияси ўчиши билан боғлиқ муаммоларни санади ва бу бўйича Сенат раиси Танзила Норбоевага юзланди.
Муҳокамалар жараёнида сенатор Фармон Тошев Танзила Норбоевадан ижтимоий тармоқларда билдирилаётган муносабатларга эътибор қаратишини сўради.
“Мана ҳозир интернетни очиб қаранг, ҳамма жойда битта шикоят: электр йўқ, ўчган. Биз ҳозир Сенатнинг йиғилишида шунга эътибор қилмасак, ҳозир гапирмасак, у идоранинг одамлари гапирадиганга ўхшамайди. Нима учун кўп гапларни халққа олдинроқ айтиш мумкин эмас? Нима учун графикни ишлаб чиқиш мумкинмас?”, дейди сенатор Фармон Тошев.
Сенат раиси Танзила Норбоева ҳозиржавоблик билан ушбу муаммога муносабат билдираркан, ўзи ҳам ижтимоий тармоқлардаги шикоятларни кузатиб бораётганини қайд этди.
"Ҳозир ҳам мажлисни бошқаряпман, ҳам аҳоли мурожаатларини таҳлил қилиб ўтирибман. Минглаб интернет фойдаланувчилари электр токи муаммоси бўйича саволлар бермоқда. Маблағдан ҳеч қандай муаммо йўқ, лекин нега электр ва газ жойларга етиб бормаяпти?”, дейди Сенат раиси.
Шунингдек, Танзила Норбоева ушбу муаммолар бўйича Сенатнинг тегишли мутасаддиларига бир қатор топшириқлар берди. Муҳокамадаги масалалар навбатдаги ялпи мажлисни кутиб ўтирмасдан, қўмита мажлисида яна кўриб чиқилиши ва бу масалалар бўйича Президентга ахборот берилиши таъкидланди.
Умиджон Нозимжонов
LiveБарчаси