Солиқ органларининг маълумотлари очиқ эълон қилинади – Қудбиев
Жамият
−
01 Декабрь 2022
5020Давлат солиқ хизмати органларининг фаолияти янада шаффоф бўлади ва ҳар бир жараён бўйича рақамларда ифодаланган кўрсаткичлар очиқ эълон қилинади. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев Facebook’даги саҳифасида ёзган.
Қудбиевнинг таъкидлашича, солиқ органлари жараёнларни автоматлаштириш ҳисобига маълумотларни очиқ эълон қилишга тайёр.
“Сўнгги пайтларда солиқ органлари солиқ маъмурчилигини рақамлаштириш бўйича катта йўлни босиб ўтди ва бу борада ҳали кўп ишларни қилишимиз лозим. Шу билан бирга, бугунги кунда солиқ органлари жараёнларни автоматлаштириш ҳисобига олинган маълумотларни очиқ эълон қилишга тайёр”, дейилади Қудбиевнинг постида.
Шу муносабат билан Давлат солиқ қўмитаси раиси солиқ органлари фаолиятига доир кўрсаткичлар бўйича ахборотларни мунтазам эълон қилиб бориш амалиёти йўлга қўйилаётганини қайд этди.
Шерзод Қудбиевнинг сўзларига кўра, ушбу маълумотлар ҳар ойда даврий равишда эълон қилиб борилади ҳамда улар жамоатчиликка солиқ маъмурчилигининг структураси ва динамикасини кўриш, уларнинг ижобий ва салбий тенденцияларини кузатиб бориш имконини беради.
Солиқ қўмитаси раҳбари жорий йилнинг 1 декабридан эътиборан ҳар куни эълон қилинадиган ахборотларни кузатиб боришни тавсия қилди.
LiveБарчаси