Соғлиқни сақлаш вазирига ўринбосар тайинланди
Жамият
−
22 Август 2025 5333 1 дақиқа
Президентнинг тегишли қарорига кўра, Алишер Шукруллаевич Бобоев Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
Маълумот учун, Алишер Бобоев тайинловга қадар Қашқадарё вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи сифатида фаолият юритиб келаётган эди. У 1996 йилда Тошкент давлат тиббиёт институтини тамомлаб, ушбу олий ўқув юртининг клиник ординатура йўналишида таҳсил олган. Меҳнат фаолиятини 1998 йилда Тошкент давлат тиббиёт институтида катта лаборант сифатида бошлаган.
Алишер Бобоев турли йилларда Тошкент фармацевтика институти тиббий биологик фанлар кафедраси катта лаборанти, Тошкент шаҳар Олмазор тумани кўп тармоқли марказий поликлиникаси, 1-сонли Республика клиник шифохонаси маслаҳат-диагностика поликлиникаси ҳамда Республика клиник шифохонаси урология бўлими сингари қатор муассасаларда шифокор-уролог, Соғлиқни сақлаш вазирлиги котибиятида бош мутахассис каби лавозимларда ишлаган. Алишер Бобоев II даражали “Саломатлик” ордени билан тақдирланган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган тиббиёт соҳасидаги ислоҳотларнинг навбатдаги босқичида турган устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Даврон Султонов лавозимидан озод этилганди.
Унга бу вазифа 2024 йилнинг январ ойида Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Шодмонов узоқ муддатли даволаниш учун меҳнат таътилига чиққани сабабли юклатилган эди.
Live
Барчаси